ЕТТБ Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари билан учрашув
2026-04-03 09:50:00 / Янгиликлар

Унда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Ўзбекистонда иқлимга мос ақлли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимлари” ҳамда “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида мамлакат инвестиция платформаси” лойиҳалари муҳокама марказида бўлди.
Мазкур платформа орқали таклиф этилган чора-тадбирлар агро-озиқ-овқат тизимини модернизация қилиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва иқлим ўзгаришига мослашувчанликни оширишга хизмат қилади. Шу жиҳатдан, ушбу ҳужжат амалиётга йўналтирилган, инвестицияларни жалб қилиш ва соҳани барқарор ривожлантиришга қаратилган муҳим дастурий асос ҳисобланади.
Мулоқот чоғида лойиҳа доирасида амалга оширилиши режалаштирилган аниқ чора-тадбирлар, механизмлар ва устувор йўналишлар атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, инвестицияларни жалб этишнинг самарали воситалари, халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда инновацион ёндашувлар асосида қишлоқ хўжалиги тизимини трансформация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, учрашувда лойиҳани босқичма-босқич амалга оширишни назарда тутувчи “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Мулоқот давомида HECI тамойилларини амалиётга жорий этиш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди. Ушбу ёндашув инсон капиталини ривожлантириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва институционал самарадорликни ошириш орқали қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил сифатида эътироф этилди.
Томонлар мазкур лойиҳа нафақат аграр соҳада барқарор ривожланишни таъминлаш, балки мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, қишлоқ ҳудудларида яшовчи аҳоли фаровонлигини ошириш ва халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.
Учрашув якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, илғор тажрибаларни жорий этиш ва қўшма лойиҳаларни изчил амалга ошириш борасида келишувга эришилди.

