Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг Ўзбекистон бўйича миссияси вакиллари билан учрашув
2026-04-01 10:30:00 / Янгиликлар

Учрашув ХВЖнинг 2026 йил 26 март — 9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилаётган ИВ модда (Артиcле ИВ) маслаҳатлашув миссияси доирасида ташкил этилди. Миссия раҳбари Яссер Абдиҳ бошчилигидаги делегация билан ўзаро мулоқотда мамлакат иқтисодиётидаги жорий ҳолат, ривожланиш истиқболлари ҳамда устувор ислоҳот йўналишлари муҳокама қилинди.
Томонлар макроиқтисодий вазият ва унинг барқарорлигини таъминлаш, иқтисодий ўсиш суръатларини қўллаб-қувватлаш, инфлацияни назорат қилиш, экспорт-импорт операциялари ва логистика тизимини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, ер муносабатларини такомиллаштириш, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнлари ҳамда бошқа истиқболли йўналишлар юзасидан фикр алмашилди.
Давлат корхоналари ва банкларини трансформация қилиш, энергетика соҳасидаги ислоҳотлар, суверен кредит рейтингларини яхшилаш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кенгайтириш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва ёшларни ушбу йўналишда тайёрлаш, пенсия тизимини ислоҳ қилиш каби масалалар ҳам кун тартибидан ўрин олди.
ХВЖ вакиллари билан мулоқот давомида фискал сиёсат, 2026 йил давлат бюджети параметрлари, пул-кредит сиёсати ва молиявий секторни ривожлантириш, шунингдек, Молия тизимини баҳолаш дастури (FSAP) тавсияларини амалга ошириш жараёнлари юзасидан ҳам батафсил фикр алмашилди.
Томонлар Ўзбекистон ҳукумати ва ХВЖ ўртасидаги конструктив ҳамкорликни юқори баҳолаб, келгусида ўзаро мулоқотни давом эттириш ва ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди.
