IT Park Uzbekistan ҳудудида минтақавий онлайн хизмат кўрсатиш маркази очилди
2026-03-18 12:25:00 / Янгиликлар

Мазкур марказнинг ишга туширилиши мамлакатда рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш, халқаро АТ компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда минтақада замонавий рақамли хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.
Очилиш маросимида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этди. Таъкидланганидек, ZTE каби нуфузли халқаро компаниянинг Ўзбекистонда ўз минтақавий марказини ташкил этиши мамлакатнинг инвестицион жозибадорлиги ортиб бораётганидан далолат беради.
Янги марказ орқали нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё, Европа минтақаси учун замонавий онлайн хизматлар, техник қўллаб-қувватлаш ва инновацион ечимларни тезкор тақдим этиш имкониятлари яратилади. Бу эса ўз навбатида, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, АТ хизматлар экспорт салоҳиятини ошириш ва маҳаллий мутахассисларнинг малакасини юксалтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, 2025 йил якунларига кўра, ZTE компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистондан кўрсатилаётган АТ хизматлари экспорти ҳажми 20 баробарга ошиб, 5 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Янги марказнинг очилиши мазкур ижобий динамиканинг мантиқий давоми бўлиб, марказ АТ экспортни кўпайтириш ва юқори даромадли иш ўринларини кенгайтириш имконини беради.
Тадбир доирасида вазир Шерзод Шерматов ZTE компаниясининг катта витсе-президенти Жан Жианпенг билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонда замонавий Дата-марказ инфратузилмасини ривожлантириш, мамлакатни минтақавий рақамли хабга айлантириш ва халқаро миқёсда рақобатбардош АТ хизматларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Хусусан, Ўзбекистонда хавфсиз ва ишончли маълумотлар сақлаш тизимларини яратиш, юқори қувватли булутли ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда бу йўналишда хорижий инвестицияларни жалб қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, йирик марказ лойиҳаларини амалга оширишда электр энергияси таъминоти, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва инфратузилмани кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар, шунингдек, марказларда хавфсизликни таъминлаш, жумладан, киберхавфсизлик ва жисмоний ҳимоя чораларини кучайтириш, мазкур соҳада илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашув якунида Ўзбекистонда рақамли инфратузилмани жадал ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олдилар.

