Ўзбекистон ва Тожикистон таълим вазирлари учрашуви
2026-03-16 09:45:00 / Янгиликлар

Учрашувда икки мамлакат ўртасида олий таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Тожикистонда ўзбек тилини ўқитишни ривожлантириш, икки давлатнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини ташкил этиш ҳамда академик алмашинувни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, муҳандислик, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект, транспорт, машинасозлик, архитектура ва қурилиш, қишлоқ хўжалиги, геология, тоғ-конь саноати, биотехнологиялар, нанотехнологиялар, металлургия, энергетика ҳамда қайта тикланадиган энергия манбалари каби устувор йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашувда икки давлат олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик ҳолати юзасидан фикр алмашилиб, истиқболли илмий-таълимий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, қўшма дастурлар ва тадқиқотларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, профессор-ўқитувчилар учун семинарлар, тренинглар, маҳорат дарслари ва малака ошириш курсларини ташкил этиш орқали таълим соҳасида тажриба алмашишни кенгайтириш, университетлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Учрашув икки мамлакат ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши қайд этилди.

