МWC–2026: Ўзбекистон рақамли инфратузилма ва сунъий интеллект масалаларини халқаро майдонда илгари сурмоқда
2026-03-10 14:45:00 / Янгиликлар

Вазир конгресснинг очилиш маросимида иштирок этиб, бир қатор сессия ва давра суҳбатларида нутқ сўзлади. Хусусан, сунъий интеллектни тезкор ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади ҳамда Ўзбекистонда 2025 йилда қабул қилинган қарорлар асосида сунъий интеллект миллий устувор йўналиш сифатида белгиланганини қайд этди.
Шунингдек, уланмаган ҳудудларни интернет билан қамраб олиш бўйича инклюзив радиочастота сиёсати, алоқа операторлари учун яратилган шароит ва имтиёзлар юзасидан маълумот берилди. Конгресс иштирокчилари Ўзбекистон ёндашувини телеком бозорининг реал шароитига мос, иқтисодий жиҳатдан асосли ҳамда инвестицияларни инфратузилмага йўналтиришга хизмат қилувчи модель сифатида юқори баҳоладилар.
Сунъий йўлдош хизматлари бўйича панель сессияда Ўзбекистонда сунъий йўлдош операторлари фаолиятини тартибга солувчи аниқ механизмлар жорий этилгани, ерусти инфратузилмасини барпо этган операторлар учун солиқ имтиёзлари ҳамда хизматларни йўлга қўйишда соддалаштирилган тартиблар мавжудлиги таъкидланди. Шу билан бирга, сунъий йўлдош алоқа провайдерлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва миллий қонунчиликка риоя этилишини таъминлайдиган халқаро тартибга солиш механизмларини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Бундан ташқари, рақамли ечимларни жорий этишнинг дастлабки босқичларидаёқ ахборот ва киберхавфсизлик талабларини инобатга олиш зарурлиги, шунингдек сунъий интеллект, маълумотлар инфратузилмаси ва рақамли тизимларнинг барқарорлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Музокараларда Ўзбекистонда дата-марказлар барпо этиш учун яратилган шароитлар, амалдаги имтиёзлар ва инвесторлар учун қулай механизмлар тақдим этилди ҳамда ушбу йўналишга сармоя киритиш таклиф қилинди. Конгресс доирасида илк бор Ўзбекистон IT Park’ининг миллий стенди ҳам ташкил этилди.
Шунингдек, конгресс иштирокчилари 20–21 май кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган “GSMA M360 Eurasia” халқаро конгрессига таклиф этилди.

