Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда
2026-03-06 12:35:00 / Янгиликлар

Латвия делегацияси ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Латвия транспорт вазири Атис Швинка ўртасида музокаралар ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистон–Латвия Ҳукуматлараро комиссиясининг 9-йиғилиши ва икки мамлакат давлат идоралари ҳамда бизнес вакиллари иштирокида Ўзбекистон–Латвия бизнес-форуми ташкил этилди.
Томонлар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини, саноат кооперациясини кенгайтириш, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги транспорт-логистика йўналишларини ривожлантириш, шунингдек рақамли технологиялар, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни муҳокама қилдилар. 2025 йил якунларига кўра ўзаро савдо ҳажми 273,2 млн долларни ташкил этди. Томонлар ушбу кўрсаткични ўрта муддатда 500 млн долларгача етказиш ниятини тасдиқладилар.
Бизнес-форумда 20 дан ортиқ латвиялик компаниялар, жумладан Latvijas dzelzceļš, Ventspils Free Port, Elektroniskie sakari, Intellog ва MGK Building иштирок этди. Мазкур компаниялар темир йўл инфратузилмаси, порт логистикаси, телекоммуникация, транспорт хизматлари ва қурилиш технологиялари йўналишларида фаолият юритади.
Тадбирлар якунида Ўзбекистон–Латвия ва Латвия–Ўзбекистон ишбилармонлик ҳамкорлиги кенгашлари фаолиятини тиклаш тўғрисидаги меморандум ҳамда иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича Ҳаракатлар режаси имзоланди. B2B учрашувлари ўтказилиб, логистика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.


