Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича музокаралар
2026-03-03 09:30:00 / Янгиликлар

Томонлар ўзаро муносабатларнинг барқарор ижобий суръатларда ривожланаётганини ҳамда 2025 йилда икки томонлама савдо ҳажми сезиларли даражада, яъни 82 фоизга ошганини алоҳида таъкидладилар.
Музокаралар якунида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш, карантин ва фитосанитария тартиб-таомилларини жадаллаштириш, шунингдек, ҳалол сертификатларини ўзаро тан олиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишувларга эришилди. Белгиланган чора-тадбирларни амалий механизмлар орқали изчил амалга ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Савдо ва инвестициялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим ҳамда Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида Эркин савдо битимини тузиш бўйича музокараларни бошлаш ҳақида қўшма баёнот имзоланди.
Томонлар эришилган келишувлар икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишига ҳамда узоқ муддатли, ўзаро манфаатли ва тизимли шерикликни янада мустаҳкамлашига ишонч билдирдилар.