Самарқандда Учинчи Ўзбекистон–Венгрия ректорлар форуми бўлиб ўтади
2026-03-02 14:00:00 / Янгиликлар

Мулоқот олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга бағишланди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Қўшма таълим дастурлари, академик мобиллик, илмий тадқиқотлар, муҳандислик кадрларини тайёрлаш ҳамда таълим жараёнига рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ечимларини жорий этиш устувор йўналишлар сифатида белгиланди. Алоҳида эътибор Жиззах вилоятида йўлга қўйилаётган қўшма ташаббусларга қаратилди.
Хусусан, Жиззах политехника университети фаолиятини ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини жорий этиш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, инновацион ташаббусларни мувофиқлаштириш ҳамда инвестиция лойиҳаларига экспертлик кўмаги кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Жиззахда барпо этилаётган технопарк доирасида муҳандислик ишланмалари, технологиялар трансфери ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик истиқболлари қайд этилди. Томонлар технопаркни ривожлантириш бўйича қўшма “йўл харитаси” ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидладилар.
Учрашув давомида 5–7 март кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган учинчи Ўзбекистон–Венгрия ректорлар форумига ҳам тўхталиб ўтилди. Форум “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети базасида ташкил этилиб, олий таълимни рақамлаштириш, сунъий интеллектни таълим жараёнларига жорий этиш, инновацион таълим моделлари ва технологиялар трансфери масалаларига бағишланади.
Форум доирасида қатор қўшма лойиҳаларни назарда тутувчи 20 дан ортиқ университетлараро келишувлар имзоланиши кутилмоқда.
Учрашув якунида томонлар қўшма таълим дастурлари, икки дипломли йўналишлар, илмий-тадқиқот марказлари ташкил этиш, академик мобилликни кенгайтириш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

