Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг Лондондаги учрашувлари хусусида
2026-02-27 09:25:00 / Янгиликлар

Ташриф дастури сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган тадбирларни қамраб олди.
Жумладан Буюк Британия инвестициялар бўйича давлат вазири Лорд Жейсон Стоквуд билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида саноат, энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, муҳим фойдали қазилмалар, соғлиқни сақлаш ҳамда рақамли технологиялар соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Томонлар соғлиқни сақлаш хизматлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Англашув меморандумини имзоладилар. Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда фармацевтика ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ҳамда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос яратади. Ушбу ташаббуслар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида барқарор иқтисодий ўсиш, масъулиятли ҳамкорлик ҳамда ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, “Standard Chartered” банки бош директори Саиф Малик билан учрашув ўтказилди. Унда йирик саноат лойиҳаларини молиялаштириш, “яшил” энергетика ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтисодиётнинг реал сектори билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Қайта тикланадиган энергетика, инфратузилмани ривожлантириш ва барқарор молиялаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Томонлар трансформацион лойиҳаларни амалга ошириш ва банкнинг миллий молия тизимига интеграциясини қўллаб-қувватлаш йўлида шерикликни ривожлантиришга тайёр эканлигини қайд этди.
Делегация “Benoy” компанияси бош директори Том Картлеж билан ҳам учрашув ўтказди. Музокаралар давомида замонавий шаҳарсозлик ташаббуслари, жумладан, Ўзбекистон бўйлаб ҳудудларни режалаштириш, Янги Тошкент қурилиши, мастер-режаларни ишлаб чиқиш, транспорт ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш масалалари муҳокама қилинди. Компаниянинг Ўзбекистондаги ривожлантириш лойиҳаларида иштироки қўллаб-қувватланди ҳамда қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёрлик билдирилди.
Марказий Осиё давлатлари делегациялари билан биргаликда Буюк Британия шаҳзодаси Эдвард билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув Буюк Британияда таҳсил олаётган Марказий Осиё талабалари билан мулоқот қилиш, ёшлар алмашинуви, академик мобиллик ҳамда халқлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим имконият яратди.
Дастур доирасида делегация ноёб қўлёзмалар нусхалари билан ҳам танишди. Бу минтақанинг бой маданий ва тарихий меросини асраш ҳамда тарғиб этиш муҳимлигини яна бир бор намоён этди ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари делегациялари Буюк Британиянинг кўп асрлик анъаналари ва институционал ворисийлигини акс эттирувчи Қироллик гвардияси иштирокидаги маросимда қатнашдилар.
Сафар доирасида Буюк Британия Мудофаа вазирлиги давлат вазири Лорд Вернон Кокер билан учрашув ўтказилди.
Бундан ташқари шу куни, Буюк Британия Жамоатлар палатаси спикери Линдси Хойл билан музокаралар бўлиб ўтди.
Унда парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, қонун чиқарувчи идоралар ўртасида мунтазам алмашинувларни ривожлантириш ҳамда Марказий Осиё ва Буюк Британия ўртасида парламент дипломатиясини чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ҳамда таълим, савдо ва барқарор ривожланиш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтиришда парламентларнинг муҳим ўринга эга эканлигини таъкидлади.


