Вена шаҳрида Қирғизистон халқаро энергетика инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда
2024-06-11 10:05:00 / Янгиликлар

Форумдан кўзланган асосий мақсад – Қирғизистоннинг энергетика соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги ишларини намойиш этиш, инвестиция имкониятларини, жумладан, “Qambarota GES-1” лойиҳасини муҳокама қилиш, Марказий Осиёда тоза энергияга ўтишни жадаллаштириш бўйича салоҳиятни намойиш этишдан иборат.
Форумда соҳанинг 200 нафарга яқин вакиллари иштирок этмоқда. Хусусан, Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Австрия, Франция, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия давлатларидан келган вакиллар, Европа Иттифоқ ҳамда бир қатор халқаро молия институтлари мутасаддилари қатнашяпти.
Форум доирасида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Энергетика вазирликлари ўртасида “Qambarota GES-1”ни қуриш ва фойдаланиш лойиҳасини амалга оширишга тайёргарлик кўриш тўғрисида уч томонлама Битим имзоланди.
Унга кўра, энергетика соҳасида, жумладан, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва “Qambarota GES-1” сув-энергетика ресурсларидан фойдаланишнинг ўзаро мақбул механизмларини яратишга келишиб олинди.


