Чорвачиликда рақамли трансформация: Ўзбекистон – Корея ҳамкорлиги янги босқичда
2026-02-24 09:20:00 / Янгиликлар

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда чорвачилик соҳасини рақамлаштиришга қаратилган лойиҳа самарадорлиги муҳокама қилинди.
2026–2028 йилларга мўлжалланган мазкур лойиҳа чорва молларини индивидуал идентификация қилиш, ягона маълумотлар базасини шакллантириш ва реал вақт режимида маълумот алмашинувини йўлга қўйишни назарда тутади. Шу орқали наслчилик, маҳсулдорлик ва касаллик тарихи бўйича маълумотлар рақамлаштирилиб, сунъий интеллект асосида таҳлил қилинади.
Бугунги кунда мамлакатимизда гўшт йўналишидаги қорамолларнинг ўртача кунлик вазн қўшимчаси 0,4–0,5 кгни ташкил этса, Кореяда бу кўрсаткич 1,0–1,2 кгга етади. Йиллик сут ҳосилдорлиги ҳам Кореяга нисбатан бир неча баробар паст. Лойиҳа айнан шу фарқни қисқартиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Шунингдек, иқлимга мос, углерод чиқиндиларини камайтирувчи модель жорий этилиб, карбон кредитлари орқали қўшимча даромад манбалари яратиш режалаштирилган.
Мазкур ташаббус амалга оширилса, чорвачиликда самарадорлик ва шаффофликни таъминлаш, маҳсулдорликни ошириш ҳамда тармоқни рақамли асосда ривожлантиришга хизмат қилади.

