Рақамли технологиялар вазири MIT Kuo Sharper Center билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
2026-02-23 09:25:00 / Янгиликлар

Томонлар мамлакатнинг стартап ва DeepTech экотизимини ривожлантириш, шунингдек, халқаро илмий-технологик ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган стратегик шериклик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Музокараларнинг асосий мавзуси Ўзбекистоннинг инновацион экотизими ва инфратузилмасини тизимли ривожлантиришни таъминлашга қаратилган ҳамкорликдаги узоқ муддатли дастурни шакллантириш бўлди.
Учрашувда мамлакатда стартап экотизимини ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратилгани таъкидланди: бугунги кунда Ўзбекистонда 750 дан ортиқ стартап фаолият юритмоқда, улардан 147 дан ортиғи маҳаллий ва халқаро инвестицияларни жалб қилган. Ўзбекистон глобал стартап экотизимларининг топ-100 талигига кирди ва Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган технологик хаб ҳисобланади.
Ўзбекистонда сунъий интеллект, робототехника, илғор ишлаб чиқариш технологиялари, энергетика ечимлари ва автоном тизимлар каби устувор йўналишларда илмий-тадқиқот марказларини ташкил этиш ташаббусига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, технологик йўналтирилган тармоқлар учун таълим дастурлари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, жумладан, қўшма академик ва касбий ташаббуслар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистоннинг технологик тадбиркорлик соҳасидаги юқори салоҳиятини таъкидлаб, мамлакатнинг глобал инновацион экотизимга интегратсиялашувига қаратилган узоқ муддатли ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирдилар.

