"Янги Ўзбекистон" университети Марказий Осиёда биринчи бўлиб Oxford Hub платформасини ишга туширди
2026-02-20 12:30:00 / Янгиликлар

Оксфорд университети сўнгги йилларда Times Higher Education World University Rankings рейтингида кетма-кет равишда жаҳоннинг биринчи рақамли университети сифатида эътироф этилиб келинмоқда. Шунингдек, QS World University Rankings рейтингида ҳам доимий тарзда энг юқори поғоналарда қайд этиб келинади.
Бундай нуфузли университет билан ҳамкорлик "Янги Ўзбекистoн" университетининг халқаро академик майдондаги мавқеини янги босқичга олиб чиқади.
Мазкур лойиҳа наинки Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё олий таълим тарихида муҳим воқеа саналади. "Янги Ўзбекистон" университети минтақада биринчи бўлиб Оксфорд университети билан бундай кенг қамровли ва тизимли академик платформани йўлга қўймоқда.
Oxford Hub Ўзбекистон олий таълим муассасалари учун Оксфорд университетининг етакчи олимлари, мутахассисларининг илғор тадқиқотларига расмий ва тизимли асосда кириш имкониятини яратади. Ушбу ташаббус Оксфорд университети таркибидаги Wolfson коллежи ҳузурида фаолият юритувчи Oxford Birsöz Initiative томонидан мувофиқлаштирилади ҳамда Буюк Британия ҳукумати кўмагида амалга оширилади.
Тантанали тадбирда мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова кейинги йилларда таълим соҳасида илғор ташаббуслар илгари сурилаётганини таъкидлади. Ушбу ташаббуслар таълимдаги халқаро ҳамкорликнинг тобора кенгайишида муҳим омил бўлаётгани эътиборга молик. Эътироф этилганидек, "Янги Ўзбекистон" университети билан Оксфорд университети ўртасида Oxford Hub'нинг ташкил этилиши сунъий интеллект, муҳандислик, илғор технологиялар ва илм-фаннинг турли йўналишларида юртимиз ва британиялик мутахассислар, олимлар ўртасида кенг ҳамкорликка, янги илмий тадқиқотларга пойдевор бўлади.
—Ушбу платформанинг ишга туширилиши академик ҳамкорлик, профессорлар алмашинуви, илмий тадқиқотларда ҳам алоҳида аҳамият касб этади, — деди мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова.
Тантанали тадбирда Буюк Британиянинг Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича савдо вакили лорд Жон Олдердайсга "Янги Ўзбекистoн" университетининг "Фахрий профессори" унвони топширилди.
—Ўзбекистонда таълим соҳасида катта ўзгаришлар юз бермоқда, — деди Буюк Британиянинг Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича савдо вакили лорд Жон Олдердайс. — Бу ўзгаришлар мамлакат тараққиётига хизмат қилиши шубҳасиз.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз ҳамда жаҳоннинг энг нуфузли олий ўқув даргоҳлари ўртасидаги ҳамкорликнинг кучайиши таълим сифатининг янада такомиллашувига хизмат қилади.


