Ўзбекистон – Хитой: Тиббиёт соҳасида ҳамкорлик алоқалари янада кенгаяди
2026-02-19 15:35:00 / Янгиликлар

Қайд этилганидек, икки мамлакат раҳбарлари саъй-ҳаракати билан ўзаро стратегик ва дўстона алоқалар изчил ривожланмоқда.
Хусусан, ўтган йил 1 сентябрда Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида ўтказилган ШҲТ саммити доирасида икки давлат соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида тиббий хизмат кўрсатиш бўйича имзоланган Ҳукуматлараро битим ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этяпти.
Бугунги мулоқотда Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қатор тиббиёт муассасаларини модернизация қилиш ҳамда юртимизда анъанавий Хитой табобатини ривожлантиришга қаратилган грант лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, хитойлик кардиожарроҳлар томонидан жорий йилда 500 нафар юрак нуқсони бўлган бемор болада юқори технологик операциялар ўтказиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Бу амалиётлар Болалар миллий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Тошкент давлат тиббиёт университети болалар кўп тармоқли клиникасида бажарилиши кўзда тутилган.
Учрашув давомида Хитойнинг грант маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни жадаллаштиришга келишиб олинди.

