Буюк Британиянинг Озарбайжон ва Марказий Осиё бўйича савдо вакили Лорд Жон Олдердайс билан учрашув бўлиб ўтди
2026-02-18 09:30:00 / Янгиликлар

Учрашувда, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлари Умид Абидхаджаев ва Илҳомжон Умрзаков, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тимоти Смарт, “London Stock Exchange Group”, “Arup” ҳамда “UK Export Finance” вакиллари иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда хусусий сектор ролини ошириш бўйича эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.
Томонлар транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан, темир йўл ва автомобиль йўллари лойиҳалари, аэропортларни модернизация қилиш, энергетика соҳасида «яшил» энергия улушини ошириш ҳамда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) механизмларини кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шу билан бирга, давлат корхоналари ва банкларини трансформация қилиш, хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, миллий компанияларни халқаро капитал бозорларига, жумладан, Лондон фонд биржасига олиб чиқиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида Буюк Британиянинг “Arup International Projects LTD” компанияси томонидан Самарқанд вилояти Челак шаҳарчаси марказий кўчасининг мастер режа концепцияси ишлаб чиқилаётгани юқори баҳоланди.
Учрашув сўнгида Буюк Британиянинг “Arup” компанияси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасида «Ҳудудларнинг барқарор ўсишига қаратилган мастер режаларни муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш орқали қўллаб қувватлаш» тўғрисида Англашув Меморандуми имзоланди.
Томонлар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, инвестиция ва молиявий шерикликни кенгайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

