Туркиянинг Ege университети делегацияси билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-02-17 09:40:00 / Янгиликлар

Томонлар олий таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини кенгайтириш, илмий тадқиқотлар ва академик алмашинувларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Мулоқот чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари барча соҳалар қатори олий таълим тизимида ҳам изчил ривожланаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Ege университети билан Ўзбекистоннинг бир қатор олий таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурлари, академик мобиллик, онлайн маърузалар ва илмий тадқиқотлар йўлга қўйилгани қайд этилди.
Учрашувда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти билан ҳамкорликда енгил саноат ва тўқимачилик соҳасида кадрлар тайёрлашга қаратилган қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, экология ва биохилмахиллик, қишлоқ хўжалиги ва агротехнология, генетика ва биотехнология, тиббиёт ва фармацевтика, муҳандислик ва саноат технологиялари, озиқ-овқат хавфсизлиги каби устувор йўналишларда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Томонлар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш, докторантлар учун стажировкалар ташкил этиш ҳамда илмий тадқиқотларни қўшма равишда олиб бориш бўйича келишувларга эришди. Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган аниқ лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ишларни давом эттиришга келишиб олинди.

