Суд-тиббий экспертиза соҳасида халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-02-12 14:20:00 / Янгиликлар

Дастлаб меҳмонлар муассасада яратилган шарт-шароитлар, бу ердаги замонавий лабораториялар ҳамда суд-тиббий экспертиза йўналишида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Шундан сўнг уч томонлама учрашув ўтказилиб, ўзаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларни ривожлантириш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, ўтган йили марказга АҚШ ва БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси кўмагида “Ўзбекистон Республикаси суд-экспертлик муассасаларининг имкониятларини мустаҳкамлаш – III фаза” дастури доирасида “Shimadzu Corporation” компаниясида ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 121 минг АҚШ долларига тенг бўлган янги авлод хроматомасс спектрометр аппарати келтирилди.
Бу эса муассасанинг лаборатория имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириб, наркотик моддалар, психотроп воситалар ва уларнинг қўшимчалари бўйича аниқ таҳлиллар олиб бориш имконини янада кенгайтирди.
Мулоқотда соҳага илғор халқаро тажрибани жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш, тизимни рақамлаштириш, марказ ва унинг ҳудудий филиалларини замонавий лаборатория ускуналари билан таъминлаш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама этилди.
Учрашув якунида томонлар наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси олдини олиш, жиноятчиликка қарши самарали курашиш ва суд-тиббий экспертиза соҳасини янада ривожлантириш бўйича ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олдилар.
Шунингдек, марказ ҳамда унинг ҳудудий филиаллари ходимлари билан ўтказилган мулоқотда жойларда суд-тиббий экспертиза хизматини такомиллаштириш ва янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича фикр алмашилди.

