Замонавий техника ва технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди
2026-02-12 09:55:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш ҳамда аграр соҳага замонавий техника ва технологияларни кенг жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида механизация даражаси изчил ошиб бормоқда ва бу жараёнда юқори унумдор, инновацион технологиялар муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Мулоқот чоғида ҳудудларда пилот лойиҳаларни йўлга қўйиш, кўргазма майдонлари ташкил этиш орқали фермер ва деҳқонларни илғор техника ҳамда технологиялар билан яқиндан таништириш зарурлиги қайд этилди. Бу эса ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни тезроқ жорий этишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, замонавий технологиялар нафақат пахта ва ғалла етиштиришда, балки мева-сабзавотчилик тармоғида ҳам муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Шу муносабат билан жойларда семинар-тренинглар ташкил этиш, механизатор ва муҳандис кадрларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга қаратилган ўқув марказларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди.
Учрашув якунида томонлар истиқболдаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олиб, аграр соҳада замонавий технологиялар асосида самарадорликни ошириш борасида ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.

