Ўзбекистон раислигида ИҲТга аъзо давлатлар туризми янада ривожланиши таъкидланди
2024-06-03 11:15:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Хусрав Нозири, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, юқори мартабали меҳмонлар, хорижий делегатлар вакиллари, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Туризм вазирлари Ислом конференцияси XI сессияси раиси (Озарбайжон Республикаси) раисликни Ўзбекистон Республикасига топширди.
Тадбирда нутқ сўзлаган Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида туризмни иқтисодиётимиздаги стратегик соҳалардан бирига айлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.
“2023 йил якунида Ўзбекистонда туризм соҳаси тўлиқ қайта тиклади. Юртимизга 7 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрди. Ички туризм йўналишида 21 миллион саёҳат амалга оширилди. Туризм хизматлари экспорти 2,1 миллиард доллардан ошиб, умумий хизматлар экспортининг 40 фоизни ташкил қилди, — деди вазир. — Соҳада бугунги кунда 370 минг кишининг бандлиги таъминланган. Жадал ривожланаётган туризм бизнеси муҳити, тадбиркорлар учун тақдим этилаётган имтиёзлар, янги инфратузилма ва имкониятлар сабаб, аҳоли орасида, айниқса, ёшлар учун туризм оммабоп соҳага айланиб бормоқда. Туризм хизматлари диверсификация қилиниши эвазига хорижий сайёҳларнинг Ўзбекистонда ўртача қолиш муддати 2017 йилдаги 3-4 кундан ҳозирда 8-10 кунгача узайтирилди”.
Шунингдек, А.Абдуҳакимов Ўзбекистон ўз раислиги давомида ИҲТ ҳудудида “келажак туризми”ни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишини таъкидлаб, “Смарт-туризм манзиллари” дастурини амалга ошириш, “Ислом туризм масканлари” дастури ҳамда мега-инфотурлар ташкил қилиш, “ИҲТ Туризм инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси”ни тузиш, Ислом цивилизацияси учун қадрли маданий мерос объектларини реставрация ва консервациясига ҳомийлик ва хайрия фаолиятини кучайтириш, “ИҲТ Экотуризм тармоғи”ни шакллантириш, БМТ Туризм ташкилоти ва Самарқанддаги Халқаро туризм академияси ўртасида яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш каби таклифларни илгари сурди.
ИҲТ Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа конференция юқори даражада ташкил этилгани, самимий қабул ва меҳмондўстлик учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ва Ўзбекистон халқига миннатдорлик билдирди.
“Ислом туризмига қизиқиш ортиб бораётгани ИҲТга аъзо давлатларга саноатни ривожлантиришда муҳим афзалликларни тақдим этади. Ҳалол таъминот занжиридан фойдаланиш борасида жамоавий ҳаракат қилиш ислом туризмини тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга. Ислом туризми бугунги кунда иқтисодий ўсишни таъминловчи энг таъсирли тармоқлардан бирига айланди ва шунингдек, ИҲТ доирасида туризмни сезиларли даражада яхшилаш имкониятини тақдим этади. Бу аъзо давлатлар учун ушбу жадал ривожланаётган секторнинг иқтисодий, маданий ва ижтимоий афзалликларидан фойдаланиш учун ажойиб имкониятдир”, — деди Ҳусайн Иброҳим Тоҳа.
Шунингдек, у ташкилотга аъзо давлатларни ҳамкорликни кенгайтириш ва илғор тажриба алмашишга чақирди.
Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори Салим ал-Малик ҳам йиғилганлар олдида нутқ сўзлади. У маданий меросни турли асраб-авайлаш муҳимлигини таъкидлаб, ташкилотнинг бу борадаги тавсияларини билдирди, хусусан, соҳага янги технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш долзарб масала эканлигига эътибор қаратди.
Тадбир давомида Ўзбекистон туризм салоҳияти ҳақида тақдимот ҳам ўтказилди. Тақдимотда юртимизнинг бой маданий мероси, чет эллик сайёҳларни ўзига доимий жалб қилиб келаётган муқаддас қадамжолар ва бошқа туристик объектлар намойиш қилинди
Шунингдек, иккита ишчи сессиялар ҳам ташкил қилинди. Биринчи ишчи сессияда Вазирлар конференциясининг кун тартиби ва иш дастури қабул қилинди. Шу билан бирга, ICTM XII сессиясининг юқори мансабдор шахслари мажлиси раисининг ҳисоботи ва ИҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарларининг баёнотлари тақдим этилди.
Иккинчи ишчи сессияда эса Вазирлар ва делегациялар раҳбарларининг баёнотлари давом эттирилди, туризмни ривожлантириш бўйича қарор кўриб чиқилди ва қабул қилинди. Бундан ташқари, ICTM XIII сессиясининг санаси ва жойи аниқланди ва бошқа муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Маълумот учун, 2022 йилда Бакуда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг XI сессияси доирасида илк бор Ўзбекистон шаҳарларидан бири – Хива 2024 йил “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” дея эълон қилинди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти ИҲТ эътирофнинг асосий омиллари сифатида виза режимининг соддалаштирилиши, маданий меросни сақлаш, тарихий шаҳарларни ободонлаштириш каби кўплаб ислоҳотларни эътироф этган.
Шу ўринда Хива шаҳрининг тарихий қиёфаси тикланиши, реставрация ва консервацияга оид амалга оширилган ишлар, қолаверса, электр устунларнинг демонтаж қилингани, сайёҳларнинг катта оқимини қабул қилиш учун яратилган шароитлар, инфратузилманинг яхшилангани, 5 юлдузли меҳмонхона қурилиши ҳамда бутик-отель ва ҳостеллар қурилиши фаол давом этаётгани алоҳида қайд этилган. Бундан ташқари, туризм ва унга ёндош соҳалар тадбиркорлари учун яратилган қулай шароитлар юқори баҳоланган.


