Жаҳон банки билан рақамли трансформация соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
2026-02-06 09:10:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистонда рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилиниб, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, давлат хизматларининг сифати ва улардан фойдаланиш имкониятларини янада яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жаҳон банки вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган рақамли ислоҳотларни, жумладан, телекоммуникация соҳасидаги ўзгаришларни, шунингдек, АКТ инфратузилмасини кенгайтиришга инвестицияларни жалб қилиш ҳамда IT-таълим ва малака ошириш дастурларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.
Шунингдек, учрашув давомида киберхавфсизлик, рақамли хизматлар кўрсатиш, стартап ва инновацион экотизимни қўллаб-қувватлаш учун зарур кўникмаларни ривожлантириш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Томонлар Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистон рақамли инклюзия лойиҳаси” ижросини ҳам кўриб чиқди. Мазкур лойиҳа Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги IT Park томонидан амалга оширилмоқда ва мамлакат бўйлаб, жумладан, чекка ва қишлоқ ҳудудларда яшовчи минглаб ёшлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун рақамли кўникмалар ва АТга асосланган хизматлар соҳасида бандлик имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни давом эттириш ҳамда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга содиқликларини тасдиқлади.

