Ўзбекистон ва Ироқ: қишлоқ хўжалигидаги тизимли ҳамкорлик
2026-02-02 09:20:00 / Янгиликлар

Ташриф доирасида икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига бағишланган музокаралар ўтказилмоқда.
Хусусан, Ироқ Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Маҳди Саҳир ал-Жаббари билан бўлиб ўтган учрашувда аграр ҳамда савдо-иқтисодий йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмларини ошириш, логистика ва божхона жараёнларини соддалаштириш мақсадида “Яшил йўлак” (Green Corridor) тизимини жорий этиш, шунингдек, Ироқ ҳудудида Ўзбекистон савдо уйини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, ҳамкорликка тайёр бўлган тадбиркорлик субъектлари рўйхатини шакллантириш ҳамда улар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш бўйича ҳам муҳим келишувлар амалга оширилди.
Вазир ўз навбатида, Ўзбекистондан импорт қилинаётган мева-сабзавот маҳсулотларига нисбатан амалда қўлланилаётган 20–30 фоизлик божхона божларини 5 фоизгача камайтириш юзасидан таклиф билдирди.
Эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш ва уларни мувофиқлаштириш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган икки томонлама Меморандум ишлаб чиқиш бўйича келишиб олинди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси ва Ироқ Республикаси ўртасида 2026–2028 йилларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Йўл харитаси” Ироқ томонига топширилди. Мазкур ҳужжат Ироқ томони томонидан кўриб чиқилгач, имзоланиши режалаштирилган.

