Инвестицион лойиҳаларни амалиётга жорий қилиш бугунги кун талаби
2024-05-29 09:20:00 / Янгиликлар

Самимий руҳда бошланган учрашувда бугунги кунда икки мамлакат ўртасида олиб борилаётган мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари, жумладан, қишлоқ хўжалигида таълим, инновация, уруғчилик ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ҳамкорлик масалалари эътироф этилди.
Айтиш керак, мамлакатларимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, ўзаро дўстлик ва мустаҳкам ишончга асосланган ҳамкорлик негизида тараққий этмоқда. Ташкил этилган мулоқот ҳам айни шу жиҳатларга эътибор қаратилди.
Учрашув давомида, “Ekona tex” МЧЖ билан тузилган ҳамкорлик битимига асосан, селекция усулида дон ва дуккакли ўсимликларнинг янги уруғлик навларини яратиш, Россия Федерациясининг нефть-газ ва агросаноат комплекслари эҳтиёжларини қондириш мақсадида мамлакатимизда гуар ўсимлигини етиштириш бўйича пилот лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Вазир мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалиётга татбиқ этиш учун ҳукумат томонидан хорижий инвесторлар учун яратилган муҳит ва уларга бериладиган имтиёзлар ҳақида сўз юритар экан, бу каби инвестицион лойиҳалар икки мамлакат учун ҳам манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда дебоча бўлиб хизмат қилишини алоҳида эътироф этди.
Ўз навбатида, мазкур лойиҳани тез фурсатларда мамлакатимизда татбиқ этиш, шунингдек, лойиҳа бўйича ечилиши кутилаётган масалалар юзасидан ўрганиш олиб боришни ҳамда амалий ишларни бажарилишини назорат қилиш бўйича масъулларга топшириқ берди.
Зеро, бу каби инвестицион лойиҳаларнинг самарали амалга оширилиши, шубҳасиз, республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатади ва замонавий тараққиётнинг янги қирраларини ўзлаштиришга хизмат қилади.


