Ўзбекистон – Туркия: Икки давлат ҳамкорлигида йирик агро ва саноат лойиҳалари йўлга қўйилмоқда
2026-01-30 15:55:00 / Янгиликлар

Ташриф доирасида нуфузли хорижий ташкилот ва бизнес вакиллари билан Ўзбекистонда 2026–2027 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган янги инвестиция лойиҳалари юзасидан қатор учрашувлар ўтказилмоқда. Музокараларнинг асосий йўналишлари қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш, элита уруғчилик, замонавий кўчатчилик ҳамда иссиқхона лойиҳаларини ривожлантиришга қаратилган.
Хусусан, Hektaş Ticaret T.A.Ş. компанияси билан Тошкент вилоятида ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ҳамда органоминерал ўғитлар ишлаб чиқариш заводини қуриш, Varnet Camsera CO LTD билан Бухоро вилоятида агротуризм йўналишида ботаника боғи ташкил этиш, Koch Erol Almus компанияси билан Андижон вилоятида газланмаган ичимлик суви ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, Doganlar компанияси томонидан қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш, Arıcı Tarım Turizm ve İnşaat Malzeme томонидан замонавий кўчатчиликни ривожлантириш, Armada Brend Seed LLC томонидан элита уруғчилик йўналишида Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар тақдим этилди.
Учрашувлар якунида вазир томонидан лойиҳаларни соҳавий илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда амалга ошириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.


