Латвия тажрибаси асосида Ўзбекистонда Европа бозорига мос АТ-маҳсулотларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
2026-01-28 09:25:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида АТ-соҳада ҳамкорликни ривожлантириш, маҳаллий мутахассислар салоҳиятини халқаро бозорларга олиб чиқиш, шунингдек, тайёр рақамли маҳсулотлар ва хизматларни экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди.
“Corporate Solutions Group” вакиллари Европа ва АҚШ бозорларида дастурий маҳсулотларга бўлган талаб кучайиб бораётгани ҳақида маълумот бердилар. Шунингдек, сунъий интеллект технологияларининг АТ-соҳадаги харажатларни оптималлаштиришдаги роли, бу жараёнда ёш мутахассисларни етиштириш ва уларнинг касбий ўсишини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди. Томонлар ёш дастурчиларни АИ, эски ва янги технологиялар уйғунлигида тайёрлаш, уларни реал лойиҳалар орқали сениор даражага олиб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини билдирдилар.
Учрашувда стартап экотизимини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, Европа тажрибаси асосида ғояларни танлов асосида молиялаштириш, ривожланиш фондлари орқали қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш муҳимлиги таъкидланди. Шу билан бирга, халқаро инвесторлар нафақат молиявий ресурс, балки бозорларга чиқиш имкониятини ҳам тақдим этиши қайд этилди.
Рақамли технологиялар вазири Ўзбекистонда АТ-соҳани ривожлантириш, маҳаллий кадрларни тайёрлаш, рақамли маҳсулотлар экспортини кенгайтириш ҳамда халқаро компаниялар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Томонлар келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, стартапларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистонни Европа бозорига йўналтирилган рақамли маҳсулотлар марказларидан бирига айлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

