"Глобал антидопинг бошқарувини мустаҳкамлаш: уйғунлаштириш, мувофиқлик ва минтақавий ҳамкорлик"мавзусида халқаро форум бўлиб ўтмоқда
2026-01-27 14:45:00 / Янгиликлар

Мазкур халқаро форумнинг асосий мақсади – Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) талаблари ва стандартларига мувофиқ юқори сифатли антидопинг хизматларини йўлга қўйиш, спорт шифокорлари ва мураббийларнинг соҳадаги малака ва кўникмаларини янги босқичга олиб чиқиш ва тажриба алмашиш ҳамда WADA ва Минтақавий антидопинг ташкилотлари (RADOCA) ўртасида антидопинг сиёсати ва таълими бўйича ҳамкорликни кучайтириш ҳисобланади.
Халқаро форумни ўтказиш орқали халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга маҳаллий спорт ташкилотларининг 200 нафарга яқин мутахассислари ҳалол спортни тарғиб этиш ва тақиқланган моддаларга қарши курашиш ва бу борада WADA талабларини ўрганиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, форум доирасида “Глобал антидопинг бошқарувини мустаҳкамлаш: уйғунлаштириш, мувофиқлик ва минтақавий ҳамкорлик” мавзусида халқаро конференция ҳам ўз ишини бошлади.
Конференцияда 12 та мамлакатдан нуфузли меҳмонлар, жумладан RADOCAга аъзо 8 та ташкилот вакиллари ва соҳанинг юқори малакали мутахассислари иштирок этмоқда. Хусусан, соҳада узоқ йиллардан бери самарали фаолият олиб бораётган халқаро экспертлар маърузалари билан иштирок этмоқда.


