Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни кучайтирмоқда
2024-05-22 09:20:00 / Янгиликлар

Форумга Ўзбекистон томонидан – Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Озарбайжон томонидан – Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов ҳамраислик қилди.
Иштирокчиларни қутлар экан, Лазиз Кудратов Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлигининг кўрсаткичлари сезиларли даражада ошганига эътибор қаратди. Хусусан, сўнгги 5 йил ичида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмининг 3 баробар, 2024 йил бошидан эса яна 15 фоизга ўсиши кузатилди. Мамлакатлар яқин келажакда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш юзасидан ишончли чоралар кўрмоқда.
Инвестициялар соҳасида ҳамкорлик кучаймоқда. Кейинги йилларда қўшма корхоналар сони 5 баробар ошди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги 240 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Тўпланган тажриба асосида Озарбайжонда енгил автомобиллар, тўқимачилик ва ипак қурти кластерлари, Ўзбекистонда гипсокартон ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар фаолияти йўлга қўйилди.
Ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги йўналишлари белгиланди. Бу, биринчи навбатда, иқтисодиётларни бир-бирини тўлдириш тамойилига асосланиб, савдо алоқаларини чуқурлаштириш, жумладан, нефть-кимё маҳсулотлари ва озиқ-овқат, электротехника, тўқимачилик ва фармацевтика маҳсулотлари савдосини оширишдир. Иккинчидан, бу EIZ имтиёзларидан фойдаланган ҳолда енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электротехника, машинасозлик, кимё ва заргарлик саноати соҳаларида қўшма саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга оширишдир.
Қўшма лойиҳаларни амалга оширишни рағбатлантиришда капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция компаниясининг аҳамияти таъкидланди.
Шунингдек, транспорт-логистика алоқалари ва туризмни кенгайтириш истиқболлари қайд этилди. Шу ўринда, икки мамлакат пойтахтлари ҳамда Самарқанд, Урганч ва Фарғона каби Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилгани ҳам муҳимдир.
Спикерлар Озарбайжон билан самарали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Форум доирасида Лазиз Кудратов Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов билан тор доирада музокаралар олиб борди. Суҳбатда амалга оширилиши кутилаётган қўшма лойиҳалар атрофлича муҳокама қилинди, аниқ чора-тадбирлар ва масъул раҳбарлар белгилаб олинди.
Тадбир давомида икки мамлакат ҳудудларининг сармоявий ва саноат салоҳияти тақдимотлари ҳамда B2B ва G2B тарзида музокаралар ўтказилди. Натижада тадбиркорлар янги танишувлар орттиришга, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилишга муваффақ бўлди.
Ҳудудлараро форум якунлари бўйича Термиз ва Биласувар, Наманган ва Мингечевир, Гулистон ва Физули шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида Ўзаро англашув меморандумлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати соҳаларида инвестиция битимлари ва савдо шартномалари имзоланди.


