Қашқадарёда 300 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ва 75 МВт қувватли энергия сақлаш тизими қурилади
2026-01-16 10:45:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, шунингдек, тегишли тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир доирасида Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 75 МВт·соатли энергия сақлаш тизими (BESS)ни ўз ичига олган лойиҳа бўйича молиялаштириш масалалари юзасидан келишув имзоланди.
Мазкур лойиҳа БААнинг “Masdar” компанияси иштирокида ДХШ асосида амалга оширилади.
Лойиҳани молиялаштириш халқаро молия институтлари иштирокида таъминланади. Жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банки томонидан молиявий ресурслар жалб этилади. Шунингдек, молиялаштириш пакетида Канада ва Финляндия ҳукуматлари маблағлари, Япония билан ҳамкорлик жамғармаси доирасидаги ресурслар ҳамда банк инструментлари назарда тутилган.
Лойиҳа ишга туширилгандан сўнг атмосферага йилига 280 минг тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади, 231 млн куб метр табиий газ тежалади, шунингдек, 280 мингтага яқин хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилади.
Ғузор лойиҳаси “Masdar” компаниясининг Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида бўлиб, ушбу лойиҳаларнинг умумий қуввати тахминан 2 ГВтни ташкил этади.
Мазкур йўналишда жалб этилган инвестициялар ҳажми 2 миллиард АҚШ долларидан ортди.