Ўзбекистон – Италия: аграр соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-01-14 09:40:00 / Янгиликлар

Мазкур конференция Ўзбекистоннинг инвеститсиявий салоҳияти, амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Италия билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига бағишланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов видео-конференс-алоқа шаклида иштирок этди.
Тадбирни Италия Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Франческо Лоллобрижида кириш сўзи билан очиб берар экан, икки мамлакат ўртасидаги аграр, иқтисодий ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини эътироф этди.
Вазир Иброҳим Абдураҳмонов эса ўз нутқида икки томонлама кўламли иқтисодий ва институтсионал ислоҳотлар, хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган тизимли янгиланишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги тармоғида ўсиш суръатлари йилига ўртача 4 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган йилда агро-озуқа маҳсулотлари экспорти ҳажми 3,2 миллиард АҚШ долларига етиб, Ўзбекистон маҳсулотлари 83 та мамлакат бозорига етказиб берилган.
Ўзбекистон ва Италия ўртасида ўзаро ишонч ҳамда икки томон манфаатларига асосланган қатор лойиҳалар доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинар экан, аграр соҳадаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, илмий ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Самарқанд шаҳрида Италиянинг Тушиа университети филиали фаолияти йўлга қўйилгани қайд этилди.
Тадбир давомида, келгусидаги устувор режалардан бири сифатида 2026 йил 23–24 март кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Италия – Марказий Осиё – Озарбайжон” халқаро форумига алоҳида эътибор қаратилди.
️Мазкур форум инновациялар, регенератив қишлоқ хўжалиги ва рақамли технологиялар асосида барқарор агроэкотизимларни ривожлантиришга хизмат қилиши, шунингдек, Италия бизнес доиралари учун янги инвестиция имкониятларини яратиши кутилмоқда.
Мулоқот якунида эса, Ўзбекистон томони Италия билан узоқ муддатли, стратегик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор экани билдирилди.

