МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши тўғрисида
2023-04-15 16:00:00 / Мажлислар

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов, Арманистон Республикаси ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян, Беларус Республикаси ташқи ишлар вазири Сергей Алейник, Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Жеэнбек Кулубаев, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Озарбайжон Республикаси ва Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосарлари Халаф Халафов ва Вепа Хаджиев ҳамда МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев иштирок этди.
Учрашувда Ҳамдўстлик доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада фаоллаштириш, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан конструктив фикр алмашилди.
Ўзбекистон томони Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳамдўстлик доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик, саноат ва технологик кооперация, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларини амалга ошириш бўйича келгусидаги саъй-ҳаракатлар муҳимлигини таъкидлади. Рақамли трансформация, яшил иқтисодиёт, туризм ва ёшларни ривожлантириш бўйича янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш долзарблиги таъкидланди.
Йиғилишда МДҲга аъзо давлатларнинг кўп босқичли ташқи ишлар вазирликлари ўртасида Маслаҳатлашувлар режаси ҳамда 2022 йилда Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги шерикликни кенгайтириш бўйича Ҳаракатлар дастури ижроси юзасидан ахборот эшитилди.
Ҳамдўстликка аъзо давлатлар Ҳукуматлар раҳбарлари кенгаши ва Давлат раҳбарлари кенгаши томонидан кўриб чиқиш учун киритиладиган ҳужжатлар, шу жумладан Самарқанд шаҳрини 2024 йилда Ҳамдўстликнинг Маданият пойтахти, Тошкент шаҳрини эса МДҲ Ёшлар пойтахти деб эълон қилиш бўйича ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди ва тасдиқланди.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишини 2023 йил октабр ойида Бишкек шаҳрида (Қирғиз Республикаси) ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
