Рақамлаштириш соҳасида Саудия Арабистони билан ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
2025-12-25 14:05:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Хусусан, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорлик ахборот технологиялари ҳамда бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни жадал ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.
Томонлар учрашувда DataVolt компанияси томонидан мамлакатимизда барпо этилаётган “Яшил” маълумотлар маркази лойиҳасининг амалга оширилиш жараёни ҳақида фикр алмашдилар. Лойиҳанинг жорий ҳолати, шунингдек, унинг кейинги босқичларини давом эттириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Вазир Шерзод Шерматов Саудия Арабистони билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларни ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик намунаси сифатида бошқа давлатлар учун ҳам кўрсатиш мумкинлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Саудия Арабистонида фаолият юритаётган компаниялар сони тобора ортиб бораётгани, ушбу бозорга жаҳоннинг етакчи компаниялари ҳам кириб келаётгани қайд этилди. Мазкур имкониятдан келиб чиқиб, уларни Ўзбекистон бозорига жалб этиш, масофавий хизматлар экспортини кенгайтириш ҳамда компаниялар учун IT Park томонидан яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Томонлар ҳамкорликда ушбу йўналишларни тарғиб қилиш, Ўзбекистондан туриб халқаро бозорларга масофавий хизматлар экспорт ҳажмини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, кадрлар тайёрлаш ва инсон капитали салоҳиятини ошириш мақсадида ходимларни ўқитиш, қўшма семинар ва тренинглар ташкил этиш орқали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.


