Илм-фан соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2025-12-19 14:20:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида икки мамлакат ўртасида илм-фан ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, академик мобилликни кенгайтириш ҳамда ёш олимларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Япония Фанни қўллаб-қувватлаш жамияти ўртасида имзоланиши кутилаётган ҳамкорлик меморандуми икки мамлакат илмий ҳамжамиятлари ўртасида узоқ муддатли ва тизимли ҳамкорлик учун мустаҳкам институционал асос яратиши қайд этилди.
Шунингдек, ҳамкорлик доирасида ўзбек тадқиқотчиларининг етакчи япон университетлари ва илмий марказларида илмий изланишлар олиб бориши, қўшма семинарлар, илмий анжуманлар, қисқа ва ўрта муддатли стажировкалар ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Айниқса, докторантлар, магистрантлар ва ёш олимлар учун халқаро илмий амалиётларга кенг йўл очиш муҳимлиги таъкидланди.
Ўз навбатида, мазкур ҳамкорлик Япония олимлари учун Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон ҳудудида қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, минтақавий илмий лойиҳаларда иштирок этиш имкониятини кенгайтиради.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Япония ўртасида илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик ўзаро манфаатли, барқарор ва узоқ муддатли тус олишига ишонч билдириб, очиқ ва конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини қайд этдилар.
