"Алла фестивали": миллатлараро тотувлик ва оилавий қадриятлар тимсоли
2025-12-19 14:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова, Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенова, Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси Қаҳрамон Сариев, шунингдек, турли миллат вакиллари, ижодий жамоалар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
Мазкур маданий-маърифий тадбир турли миллат вакилларидан иборат оилаларни бир майдонга жамлаб, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитининг ёрқин ифодасига айланди. Фестиваль орқали она аллалари тимсолида оила муқаддаслиги, она меҳри ва тинч-тотув ҳаёт ғоялари кенг тарғиб этилди.
Шунингдек, тадбир доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходими томонидан ёш оналарга болани парвариш қилиш, гўдак асраш ҳамда болани она сути билан озиқлантиришнинг беқиёс аҳамияти юзасидан мазмунли маъруза қилинди. Унда она сути боланинг соғлом ривожланиши, иммунитетини мустаҳкамлаш ва келгусида баркамол авлодни вояга етказишдаги муҳим омил экани алоҳида таъкидланди. Маъруза давомида ёш оналарга амалий тавсиялар берилиб, соғлом она ва бола — соғлом жамият пойдевори экани кенг ёритилди. Ушбу тавсиялар фестивалнинг маънавий-маърифий руҳини янада бойитиб, тадбир мазмунига амалий аҳамият бахш этди.
Фестиваль доирасида ижро этилган турли миллатларга хос она аллалари томошабинларга юксак руҳ, илиқ кайфият улашиб, маданий ранг-баранглик ва муштарак қадриятлар уйғунлигини намоён этди.
“Алла фестивали” миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, оилани жамиятнинг энг муҳим таянчи сифатида эътироф этиш, шунингдек, маънавий қадриятларни ёш авлод онгига сингдиришда муҳим аҳамият касб этадиган маданий ташаббус сифатида юксак баҳоланди. Якунда фаол иштирокчиларга тадбир ташкилотчиларининг эсдалик совғалари топширилди.

