Токиода Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Япония жамғармаси раиси Шиня Куросава ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди
2025-12-19 09:35:00 / Янгиликлар

Айни кунларда Японияда “Ўзбекистон маданияти кунлари” тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Куни кеча Токио шаҳридаги мингга яқин ўринга эга “Ginza” саройида Японияда “Ўзбекистон маданияти кунлари” тадбирларининг очилиш маросимига бағишланган концерт дастури бўлиб ўтди. Шунингдек, “Ўзбекистон маданияти кунлари” тадбирлари доирасида “Янги Ўзбекистон” фотокўргазмаси ҳам ташкил этилди.
18 декабрь куни Токиода Ўзбекистон республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Япония жамғармаси раиси Шиня Куросава ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
“Япония жамғармаси — жаҳонда маданий дипломатиянинг энг нуфузли ва таъсирли институти сифатида тан олинган. Жамғарманинг Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маданий ва интеллектуал мулоқотни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси катта қадр-қимматга эга. Ўзбекистон Япониянинг умумий қадриятлари — миллий анъаналарга ҳурмат, таълим ва номоддий меросга эътибор, инновация ва янгиликка интилиш — биз учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
Жамғарма билан ҳамкорликни изчил кенгайтириш биз учун ўта муҳим саналади. Бугунги мулоқотимиз ана шу йўналишда амалий қадамлар ташлаш учун қимматли имконият деб биламан” – деди вазир Озодбек Назарбеков.
Учрашув давомида Ҳамкорлик бўйича бир қатор таклифлар кўриб чиқилди, жумладан:
— Ўзбекистон ва Япония ўртасида санъат, театр ва мусиқа йўналишларида қўшма алмашинув дастурларини кучайтириш;
— Номоддий маданий мерос, санъат тарихи борасида қўшма тадқиқот лойиҳаларини йўлга қўйиш;
— Ўзбекистонда маданият соҳасида таълим муассасаларида япон тили ўқитиш марказлари, маданий клубларни ташкил этиш ва мазкур лойиҳаларни Japan Foundation томонидан қўллаб-қувватлаш;
— Маданият соҳасидаги таълим муассасалари учун Жамғарма томонидан махсус грант маблағларини жорий этиш;
— Маданият соҳасидаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар учун “Japan Foundation Fellowship for Arts and Culture in Asia” дастури доирасида стипендия олишни йўлга қўйиш;
— Номоддий маданий меросни рақамлаштириш, виртуал кўргазмалар, мультимедиа лойиҳалари бўйича Япония тажрибасини Ўзбекистонга татбиқ этиш;
— Қўшма рақамли платформа ёки онлайн маданий ресурс яратиш.
Учрашув якунида, Япония жамғармаси билан ҳамкорлик Ўзбекистон учун нафақат маданий алмашинув, балки халқларимиз ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашнинг муҳим восита эканлиги, бизнинг умумий мақсадимиз — икки миллат ўртасидаги маданий ва маърифий яқинликни янада кенгайтириш эканлиги яна бир бор таъкидланди.


