Япония Фан ва технологиялар агентлиги билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳужжат имзоланди
2025-12-18 11:20:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида томонлар илм-фан, инновациялар ва технологиялар соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, илғор технологияларни жорий этиш, илмий салоҳиятни ошириш, шунингдек, олимлар ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликни жадаллаштириш, инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватлаш, ёш олимлар ва тадқиқотчиларни рағбатлантириш, шунингдек, илм-фан ютуқларини иқтисодиёт тармоқларига татбиқ этиш бўйича истиқболли йўналишлар белгилаб олинди.
Учрашув якунида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Япония Фан ва технологиялар агентлиги (JST) ўртасида илм-фан, инновациялар ва технологиялар соҳаларида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандум доирасида қуйидаги муҳим натижаларга эришиш кўзда тутилган:
Япониянинг илғор технологиялари ва илмий мактабларига кенг кириш имконияти
– JST кўмагида Япониянинг етакчи илмий лабораториялари, университетлари ва илмий-тадқиқот (R&D) марказлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Қўшма илмий тадқиқотлар ва технологик ишланмаларни ривожлантириш
– Муҳандислик, биотехнология, қишлоқ хўжалиги, энергетика, материалшунослик ва бошқа устувор йўналишларда қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш имконияти яратилади.
Ёш олимлар ва тадқиқотчилар учун алмашинув ҳамда малака ошириш дастурлари
– Японияда илмий стажировкалар, қўшма семинарлар, тренинглар ва академик алмашинув дастурлари орқали ёш кадрларнинг илмий ва инновацион салоҳияти сезиларли даражада оширилади.
Илмий бошқарув ва илм-фан сиёсатини такомиллаштириш
– JSTнинг инновацион бошқарув модели, грант тизимлари, лойиҳаларни баҳолаш механизмлари ҳамда илмий экотизимни ривожлантириш бўйича илғор тажрибаси Ўзбекистонда амалиётга жорий этилади.
Халқаро илмий тармоқларга интеграциялашув
– JST иштирокидаги глобал консорциумлар орқали Ўзбекистон олимлари халқаро илмий тармоқлар, қўшма консорциумлар, нуфузли грант дастурлари ва халқаро рейтингларда фаол иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

