Кореянинг Чхунчхоннам-до провинцияси университетлари билан ҳамкорлик фаоллашмоқда
2024-05-08 10:20:00 / Янгиликлар

Корея томонидан Корея-Ўзбекистон бизнес уюшмаси раиси Ким Чангкеон (Ким Эдвард), Чхунчхуннам-до провинциясининг Инвестициялар ва саноат бошқармаси бошлиғи Юн Жу Ёнг, Халқаро алоқалар профессори Ким Сонг Жун, Сонмун университети президенти Мун Сунг Же, Сунчунхян университети президенти Ким Сонг Вулар иштирок этди.
Учрашувда Кореянинг Чхунчхоннам-до провинцияси университетлари билан республика олий таълим муассасалари ўртасида академик ва илмий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Вазир К.Шарипов олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳозирда Ўзбекистонда Жанубий Корея университетларининг 4 та филиали (Инха, Аджу, Пучон университетларининг Тошкент шаҳридаги филиаллари, Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университети) муваффақиятли фаолият кўрсатаётгани ҳақида маълумот берди. Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиётни ривожлантириш борасида кўпроқ техника ва муҳандислик фанларни ривожлантиришга ҳамда ушбу соҳаларда кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ бўлган ҳамкорликка кўпроқ эътибор қаратилаётганлигига урғу берди.
Ўз навбатида, Корея Республикасининг Чхунчхоннам-до провинцияси губернатори Ким Те Хим нутқида икки мамлакат учун ҳамкорликнинг асосий ва муҳим йўналиши таълим соҳаси ҳисобланишини қайд этди.
Айни пайтда Чхунчхоннам-до провинцияси қонунчилигида, хусусан ўқиш билан ишлашни уйғунлаштириш масалалари бўйича катта ўзгаришлар кутилаётгани, хусусан Чхунчхоннам-до провинцияси университетларида ўқиётган Ўзбекистонлик иқтидорли талабалар учун бир вақтнинг ўзида ишлаш имкониятини яратиш, уларни ишга жойлаштириш ва келгусида тўлақонли иш билан таъминлаш борасида барча шароитлар яратилаётгани тўғрисида хабар берди.
Бу борада вазир Қ.Шарипов юқорида келтирилган масалалар қўллаб-қувватланиши, шу билан бирга таълим сифатини ошириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Хусусан, ўзаро талабалар алмашинуви, профессор-ўқитувчиларнинг Корея университетларида стажировка ўташ борасидаги алоқаларни кенгайтириш кўрсатиб ўтилди.
Музокаралар давомида Сонмун ва Сунчунхян университетлари ҳамда Ўзбекистон миллий университети ўз фаолиятлари, таълим ва ҳамкорлик йўналишлари ҳақида тўхталиниб, келгусида ҳамкорликда ишлаш тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида Ўзбекистон миллий университети билан Кореянинг Сунмун университети ўртасида англашув меморандуми имзоланди.


