Аёлларнинг иқтисодий фаоллиги ва ижтимоий барқарорлик масалалари кун тартибида
2025-12-17 09:30:00 / Янгиликлар

Мазкур нуфузли анжуман Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти ҳамда Германиянинг халқаро ҳамкорлик бўйича жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда ташкил этилди. Конференция 2025 йил 16 декабрь куни Тошкент шаҳридаги InterContinental меҳмонхонаси мажлислар залида анъанавий ва онлайн форматларда ўтказилди.
Конференциянинг очилиш маросимида Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова маъруза билан иштирок этди. У ўз чиқишида мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллигини ошириш, таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги иштирокини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
“Бугун аёллар ижтимоий жараёнларнинг иштирокчиси ўлароқ жамият барқарорлигини таъминлайдиган, инновацион тараққиётга туртки берадиган етакчи кучга айланмоқда. Уларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш барқарор ривожланишнинг муҳим шарти ҳисобланади,” — деди Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Махкамова.
Тадбирда, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари — Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Марказий Осиёда зўравон экстремизмнинг олдини олиш лойиҳаси раҳбари Штефан Бухмаер, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)"нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Нигина Абасзаде, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЙХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, Элчи Антти Карттунен ўз маърузалари билан иштирок этди.
Конференция доирасида хотин-қизларнинг жамият барқарорлигини таъминлашдаги муҳим ўрни, гендер тенгликни мустаҳкамлаш орқали барқарор ва инклюзив ривожланишга эришиш масалалари муҳокама қилинди. Давлат органлари, илмий муассасалар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ҳамкорлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Анжуман ишлари учта шўба доирасида олиб борилди. Унда жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги ўрни ва роли, аёллар бандлиги ва тадбиркорлигини ривожлантириш, шунингдек, Янги Ўзбекистонни барпо этишда хотин-қизларнинг таълим ва илм-фан соҳасидаги имкониятларини кенгайтириш масалалари юзасидан илмий-амалий маърузалар тингланди.
Конференция доирасида 60 дан ортиқ инновацион илмий ғоя ва амалий ташаббуслар муҳокама қилиниб, уларнинг ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги амалий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Якунида, анжуманда илгари сурилган ташаббус ва лойиҳалар мамлакатнинг барқарор ва инклюзив ривожланишини таъминлаш, гендер тенгликка асосланган замонавий жамиятни шакллантириш йўлидаги изчил ислоҳотларнинг муҳим амалий босқичи сифатида баҳоланди.

