“Саодат” — аёллар овози: бир асрлик йўл
2025-12-16 09:25:00 / Янгиликлар

Ушбу нашр журналнинг бир асрлик тарихида аёл қалби, тафаккури ва жамиятдаги фаоллигини акс эттирган энг сара мақола ва ғояларни жамлагани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Тақдимот маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёров, сенатор, таниқли шоир Маҳмуд Тоир, шунингдек етук олимлар, адабиётшунослар ва кенг адабий жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Меҳмонлар ўз чиқишларида “Саодат” журналининг миллий матбуотимиз тарихидаги ўрни, унинг аёллар адабиёти ва тафаккурини шакллантиришдаги беқиёс ҳиссаси, бугунги кунда ҳам замон билан ҳамнафас ҳолда ривожланиб бораётгани ҳақида фикр билдирдилар.
“Янги Ўзбекистонда хотин-қизлар фақат ижтимоий ҳаёт иштирокчиси эмас, балки ислоҳотларнинг фаол ташаббускори сифатида майдонга чиқмоқда. "Саодат" ана шу янги тафаккурни тарғиб этувчи юксак минбарга айланди”, — деди Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Махкамова ўз чиқишида.
Таъкидланганидек, “Саодат” журнали юз йил давомида нафақат босма нашр, балки аёллар учун маънавий минбар, жамиятда соғлом фикр ва маърифат тарғиботчиси бўлиб келмоқда. Турли давр ва шароитларда ҳам журнал аёл шаъни, оила қадри, маънавият, адабиёт ва санъат масалаларини устувор йўналиш сифатида сақлаб, ўз нуфузини мустаҳкамлаб борди. Унинг саҳифаларида етук адиблар, шоиралар ва ёш ижодкорларнинг асарлари чоп этилиб, кўплаб истеъдодлар камол топди.
Бугунги Янги Ўзбекистон шароитида “Саодат” журналининг мазмуни ва мавзу доираси янада кенгайди. Журнал аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, тадбиркорлик ташаббуслари, илм-фан ва маданиятдаги ютуқлари, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларни изчил ёритиб келмоқда. Инсон қадрини улуғлаш, гендер тенглик, оила мустаҳкамлиги ва маърифатли жамият барпо этиш каби ғоялар бугун журнал саҳифаларининг бош мезонига айланган.
“Саодат” — аёллар овози” китоби эса ушбу жараёнларнинг мантиқий давоми бўлиб, ўтмиш ва бугунни боғлаган, келажак авлодга йўл кўрсатувчи муҳим маънавий манба сифатида баҳоланмоқда. Ушбу нашр журналнинг бир асрлик тажрибаси ва Янги Ўзбекистон ғоялари уйғунлигининг ёрқин ифодаси бўлди.
Саодат” журнали ташкил этилганининг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилган нуфузли тадбир доирасида нашр жамоасига алоҳида ҳурмат ва эътироф рамзи сифатида Президент совғаси — автомобиль топширилди. Мазкур совғани Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова тантанали равишда тақдим этди.

