Япония элчиси билан компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди
2025-12-15 10:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда вазир мамлакатимизда чет тилларини ўрганишни оммалаштиришдаги аҳамияти ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, япон тилига бўлган талаб ортиб бораётгани таъкидланди. Шу муносабат билан, Япониядан волонтёрлар ва компанияларни Ўзбекистоннинг аҳоли тез ўсаётган ва олис ҳудудларига жалб қилиш масалалари муҳокама этилди.
Вазир IT Park томонидан япон компанияларига қулай шарт-шароитлар яратилаётганини қайд этди. Хусусан, юртимизнинг олис ҳудудларида бизнес юритиш харажатлари пастлиги, бу эса узоқ муддатли ҳамкорлик учун катта имкониятлар яратиши қайд этилди. Маҳаллий ҳокимиятлар ҳам ёшларни ўз ҳудудида банд қилиш ташаббусларини қўллаб-қувватлаётгани таъкидланди.
Учрашувда дата-марказлар қуриш, телеком инфратузилмасини модернизация қилиш, интернет тезлиги ва барқарорлигини ошириш, шунингдек, сунъий интеллект хизматларини экспорт қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Японияда ва Европада энергия ва дата-марказ харажатлари юқорилиги компанияларни Ўзбекистондаги инфратузилмадан фойдаланишга қизиқтириши мумкинлиги қўшимча қилинди.
Элчи Хирата Кенжи C5+Yaponiya саммити арафасида ушбу учрашувнинг ўта муҳим эканини таъкидлаб, ташрифни самарали ташкил этиш мақсадида вазирлик томонидан олиб борилаётган тайёргарлик ишларини юқори баҳолади.
Элчи ўз нутқида Япония компанияларининг ҳам Ўзбекистонга қизиқиши изчил ортиб бораётганини таъкидлади ҳамда уларни юртимизга жалб қилиш бўйича Элчихона имкониятлари доирасида таклифлар билдиришини қўшимча қилди.
Учрашув якунида томонлар рақамли технологиялар, телекоммуникация, сунъий интеллект, таълим ва инновациялар соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканини билдирди.

