Халқаро илм-фан ва технология конференциясида ўзбекистонлик ёш олимлар иштирок этди
2025-12-15 09:50:00 / Янгиликлар

Тадбир Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёш олимлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва истиқболли илмий ишланмаларни илгари суриш мақсадида ташкил этилди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳам иштирок этиб, мамлакатимиз номидан расмий делегация ишида қатнашди.
Тадбир доирасида иштирокчи давлатлар делегациялари раҳбарларига халқаро ёш олимлар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларнинг финал босқичига сараланган намуналари тақдим этилди. Лойиҳалар танлови бир неча босқичда ўтказилиб, 2025 йил ноябрь ойида МДҲнинг 2026–2035 йилларга мўлжалланган илмий-технологик ривожланиш стратегиясига мувофиқ равишда ёшлар илмий ишлари саралаб олинди. 60 та аризадан 16 та лойиҳа очиқ муҳокамага тавсия этилди ва улар В Ёш олимлар конгресси доирасида тақдим этилди. Экспертлар хулосаларига кўра 5 та лойиҳа конференция финалида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Финалчи лойиҳалар янги энергия манбаларини яратиш, қишлоқ ва сув хўжалигида замонавий генетик технологиялар қўллаш, юқори технологияли саноат маҳсулотларини ишлаб чиқиш, атроф-муҳитга таъсирни камайтириш ҳамда “megasayens” тоифасидаги уникал илмий иншоотлардан фойдаланиш каби устувор йўналишларда амалга оширилган илмий ишланмаларни ўз ичига олади.
Тадбирда делегация раҳбарлари томонидан лойиҳалар юзасидан саволлар берилди, уларнинг амалий қиймати ва илмий аҳамияти муҳокама қилинди, ёш тадқиқотчиларга таклиф ва тавсиялар билдирилди.


