БМТнинг Евросиё иқтисодий комиссияси билан стратегик ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
2024-05-06 09:50:00 / Янгиликлар

Йиғилиш кун тартибидан айланма иқтисодиёт, “яшил” ўсиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнини рағбатлантириш учун БМТ ЙИКнинг тегишли воситалари ва имкониятларини муҳокама қилиш ҳамда “Vision – 2030” жамғармаси доирасидаги салоҳиятли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашиш ўрин олди.
Суҳбат бошида Молчан хоним Учинчи Тошкент Халқаро инвестиция форумидаги иштирокидан мамнунлиги ва Ўзбекистонда олиб борилаётган изчил ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдириб, эришилган ютуқларни юқори баҳолади. Ўз навбатида, Ўзбекистон томонидан ҳам БМТ Евросиё иқтисодий комиссиясининг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга оширишдаги фаол ҳиссаси ва саъй-ҳаракатлари катта аҳамият касб этиши таъкидланди.
“Vision – 2030” жамғармаси доирасида соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига йўналтирилган иккита лойиҳа, хусусан, республика бўйлаб перинатал марказларни зарур тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш ҳамда мактаблар, малака ошириш марказларини замонавий IТ-технологиялар билан жиҳозлаш каби ишлар фаол амалга оширилаётгани бўйича маълумотлар берилди.
Учрашувда, шунингдек, иқлим барқарорлигини таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтиришйўналишларига қаратилган бир қатор қўшма лойиҳаларни татбиқ этиш лозимлиги борасида мулоҳазалар билдирилди.
Муҳокамалар якунига кўра, томонлар асосий устуворликлар ва қарашларни инобатга олган ҳолда, ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга келишиб олдилар.

