Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон аграр ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда
2025-12-10 09:35:00 / Янгиликлар

Мулоқот чоғида аграр соҳада ҳамкорликни кенгайтириш, мавжуд лойиҳаларни амалий босқичга ўтказиш ва янги ташаббусларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги секторига грант ажратиш бўйича энг йирик ҳамкорлардан бирига айланди. Хусусан, Европа Иттифоқи томонидан 2020–2030 йилларга мўлжалланган Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини қўллаб-қувватлаш учун 7 миллион евро йўналтирилгани бунга мисолдир.
Европа Иттифоқи маблағлари асосида амалга оширилаётган АСК лойиҳаси соҳадаги ислоҳотларни жадаллаштиришда муҳим роль ўйнамоқда. Лойиҳа доирасида бир қатор стратегик ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.
Улар орасида, иқлимга мослашув ва камайтириш дастури, озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш стратегияси, қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими (АКИС)ни кучайтириш чоралари, ўрта муддатли бюджетлаштириш моделига ўтиш концепцияси мавжуд.
Учрашувда ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар атрофлича кўриб чиқилди. Иброҳим Абдураҳмонов Европа бозорига божхона тўловларисиз кириш имконияти кенгайгани, бунинг натижасида мева-сабзавот, дон маҳсулотлари ва текстиль экспорти сезиларли ошганини таъкидлади.
Шунингдек, у илмий-технологик ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион ёндашувларни жорий этиш ва мавжуд лойиҳаларни босқичма-босқич ривожлантириш икки томон учун манфаатли эканини қайд этди. Мулоқот якунида томонлар лойиҳаларни ўз вақтида ва самарали ишга тушириш бўйича келишувга эришдилар.

