Самарқандда CITES CoP20 якунланди
2025-12-09 11:15:00 / Янгиликлар

Тадбир мисли кўрилмаган миқдордаги иштирокчиларни — 184 давлатдан 3 000 дан ортиқ делегатни бирлаштирди. Бу CITES тарихидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб, Марказий Осиё учун рекорд натижа саналади. Ўзбекистон раислигида ўтган якуний пленар сессия нафақат мамлакат, балки бутун минтақа учун муҳим сиёсий воқеа бўлди, чунки CITES конференцияси тарихда илк бор Марказий Осиё ҳудудида ташкил этилди.
Икки ҳафта давомида давлатлар, халқаро ташкилотлар, илмий марказлар ва нодавлат тузилмалар вакиллари ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо масалаларининг асосий йўналишларини муҳокама қилдилар. Конвенция тарихида илк бор бундай улкан ҳажмдаги материаллар кўриб чиқилди: делегатлар 120 га яқин ҳужжатни ўргандилар, 350 дан ортиқ таклиф ва ташаббусларни муҳокама қилдилар ҳамда 250 га яқин турга оид масалаларни кўриб чиқдилар. Бу рақамлар аввалги CoP йиғилишларининг ўртача кўрсаткичларидан анча юқори бўлиб, масаланинг долзарблиги ва халқаро ҳамжамиятнинг кучайиб бораётган эътиборини намойиш этади.
Конференция якунида бир қатор тарихий қарорлар қабул қилинди. Акулалар, манталар ва “йиртқич скатлар” деб аталувчи скатлар жумласидан 70 дан ортиқ акула ва скатлар турини ҳимоя қилиш кучайтирилди. Қимматбаҳо судралиб юрувчилар ва ноқонуний савдо туфайли йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган айрим сутемизувчилар турларига оид савдони тартибга солиш чоралари кенгайтирилди. CITESнинг доимий қўмиталари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган янгиланган ёндашувлар ҳам тасдиқланди.
CoP20нинг муҳим сиёсий натижаларидан бири Марказий Осиё давлатлари томонидан Самарқанд декларацияси ва 2026–2032 йилларга мўлжалланган минтақавий ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режасининг имзоланиши бўлди. Бу ҳужжатлар ноқонуний савдога қарши кураш, биохилма-хилликни сақлаш, илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий чегаралараро алоқаларни кучайтиришга қаратилган.
Ўзбекистон учун конференция муҳим ютуқлар майдонига айланди: UNDP ва IUCN билан умумий қиймати 6,6 миллион АҚШ долларига тенг “Қимматли ландшафтларни интеграциялашган ҳолда бошқариш ва тиклаш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди; FAO билан 18 миллион долларлик 4 та грант лойиҳаси ва 1,2 миллион долларлик деградацияга учраган ерларни тиклаш лойиҳаси бўйича битимлар тузилди; биринчи Миллий Рамсар стратегияси ва экологик ўзгаришларнинг биринчи атласи тақдим этилди. Шунингдек, CITES CoP20 “Яшил парки” ва IV Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми, “Экология: табиатнинг ноёб инъоми тасвирларда” кўргазмаси каби кўплаб маданий-экологик тадбирлар ташкил этилди. Ўзбекистон делегацияси конференция доирасида 300 га яқин қарорлар ишлаб чиқилишида фаол иштирок этди ва 77 та янги фауна ва флора турларининг CITES иловаларига киритилишига ҳисса қўшди.
Якуний мурожаатида конференция раиси, Экология вазири маслаҳатчиси Алишер Саломов конференциянинг Самарқандда ўтказилиши Марказий Осиё учун тарихий воқеа бўлганини таъкидлади. У Самарқанднинг азалдан халқаро мулоқот маркази эканини, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида эса глобал экологик ташаббусларнинг муҳим майдонига айланишда давом этаётганини қайд этди. А. Саломов делегатларга фаол иштироки учун миннатдорлик билдириб, ташкил этилган 110 дан ортиқ сайт-ивентлар тажриба алмашиш ва ечимлар топишда бебаҳо майдон бўлганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон Самарқанд декларацияси ва 2026–2032 йиллар учун Ҳаракатлар режасини амалга оширишда, халқаро ҳамкорлар, фуқаролик жамияти ва илмий доира билан яқин ҳамкорликни давом эттиришини маълум қилди.
Маълумот учун, 110 дан ортиқ сайт-ивентлар ўтказилиши аввалги конференциялар кўрсаткичларидан ошиб, CITES тарихидаги энг бой экспертлар майдонини шакллантирди.
Конференция рамзларидан бири иштирокчилар томонидан яратилган “CITES CoP20 Green Park” бўлди. Бу парк конференциянинг экологик мероси ва асраш борасидаги умумий масъулиятнинг тимсоли сифатида хизмат қилади.
Келишувга кўра, навбатдаги 21-CITES Конференцияси (CoP21) Панама давлатида бўлиб ўтади. Унда давлатлар йўқолиб бораётган турларни муҳофаза қилиш ва улар билан халқаро савдони тартибга солиш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қиладилар.

