Ўзбекистон спорт тарихида яна бир муҳим саҳифа очилди
2025-12-02 14:50:00 / Янгиликлар

Спортчиларни тантанали кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари - Оила ва хотин қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Спорт вазири ўринбосари Шахрилло Махмудов, Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилноза Каттахонова, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова, карате WKF федерацияси раҳбарияти ҳамда ОАВ ходимлари, журналистлар, мураббийлар ва мухлислар иштирок этди.
Гулшан Алимардонова Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтаётган карате бўйича жаҳон чемпионатида -50 кг вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритиб, мамлакатимиз тарихида жаҳон чемпионига айланган илк аёл каратечи бўлди.
“Гулшан Алимардонованинг ғалабаси — ёшларимизнинг, айниқса, қизларимизнинг имконияти юқори, салоҳияти юксак эканини яна бир бор намоён этди. Томирида жасоратли Тўмарис, Барчинойларнинг қони оқаётган ўзбек қизи келтирган бугунги зафар улғайиб келаётган ёш қизларимиз учун янги марралар сари дадил қадам қўйишларига туртки бўлади. Қизларимизнинг юксак орзулари рўёбга чиқиши учун барча шароитларни яратишда давом этамиз”, — деди Бош вазир ўринбосари ўз чиқишида.
Дарҳақиқат, Гулшан Алимардонованинг бу муваффақияти ўзбекистонлик спортчи хотин-қизларнинг халқаро майдондаги нуфузни мустаҳкамлаб, миллий спортимиз тарихида ўчмас из қолдирди.

