Ўзбекистон ва Покистон қишлоқ хўжалигида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
2025-11-20 10:00:00 / Янгиликлар

Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион агротехнологияларни татбиқ этиш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Покистон Қишлоқ хўжалиги вазири Ўзбекистонга амалга оширган ташрифларидаги ижобий таассуротларини қайд этиб, Тошкентда таълим, илм-фан ва аграр йўналишдаги илмий ишланмаларни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади.
Учрашувда қишлоқ хўжалиги генетикаси, гибрид дончилик, пахта селекцияси, чорвачилик, гўшт сифатини ошириш, қайта ишлаш саноати ва озиқ-овқат логистикаси каби соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар Покистоннинг гибрид буғдой дастури, чорвачилик бўйича стандартлаштириш тажрибаси ҳамда Ўзбекистоннинг геном тадқиқотлари ва инновацион агротехнологиялар йўналишидаги ривожланишини юқори баҳоладилар.
Шунингдек, логистика масалалари, жумладан Афғонистон орқали транзит имкониятлари, чегара терминаллари ва омборхоналардан фойдаланиш механизмлари муҳокама қилинди. Учрашув якунида икки мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасида доимий мулоқот, ишчи гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйиш ва масъул шахсларни белгилаш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар, шунингдек, юқори даражадаги учрашувларга тайёргарлик кўриш, қўшма лойиҳалар, илмий дастурлар ва ўзаро манфаатли аграр ташаббуслар бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

