Халқаро валюта жамғармасининг Фискал ишлар департаменти директори ўринбосари билан ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди
2025-11-14 11:05:00 / Янгиликлар

Учрашувда Фискал ишлар департаментининг давлат молиявий бошқаруви бўлими катта иқтисодчиси Аманда Саег, Даромадларни бошқариш бўлими катта иқтисодчиси Винсент де Пол Кукпайзан ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Ахадбек Хайдаров, Ғазначилик хизмати қўмитаси раиси Абдулазиз Хайдаров ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш, келгусида ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш ҳамда истиқболдаги режалар, иқтисодий-молиявий йўналишларда амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан техник кўмак тақдим этиш масалалари юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Хусусан, муҳокамалар давомида томонлар қуйидаги йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди:
- Давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегияси;
- Маҳаллий ҳокимиятларни ривожлантириш ва буджет маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича кўникмаларни ошириш;
- Солиқ бошқаруви соҳасини ривожлантириш;
- Божхона соҳасини ривожлантириш юзасидан ҳамкорлик;
- Соҳаларда замонавий сунъий интеллект технологияларини кенг жорий қилиш.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янги ташаббуслар билан бойитиш, юқоридаги масалалар юзасидан фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтириш ҳамда белгиланган мақсадларга етишда тизимли ва самарали фаолият олиб боришга келишиб олди.

