Расмий муносабат: видеомурожаатда келтирилган масала ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кўриб чиқилган
2024-07-10 19:50:00 / Янгиликлар
Жорий йил июнь ойи сўнгида “Шуҳратжон Эсанов” Youtube ижтимоий тармоқ каналида Фарғона вилояти, Фарғона тумани, “Дамкўл” МФЙ, Кўксув кўчаси, 70-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Исроиловадан келиб тушган мурожаат бўйича хабар эълон қилинган.
Мурожаатда фуқаро Ш.Исроилованинг “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖда ишга тиклаш масаласи муаммо бўлаётгани, бу борада Энергетика вазирлигига мурожаат қилгани ва вазир билан учрашолмаётгани баён этилган.
Ушбу видеомурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Мурожаатчининг Энергетика вазири билан учраша олмаётганининг сабаби, ҳақиқатан ҳам Ш.Исроилова ёки унинг номидан ОАВ вакили келган маҳалларда Энергетика вазири бир гал хизмат сафари билан хорижда эканлиги, бошқасида эса хизмат сафари билан вилоятлардаги энергетика объектларини ўрганиш билан банд бўлганлиги сабабли у билан учрашув ташкил қилишнинг имкони бўлмаган. Бироқ ушбу масала юзасидан ҳар гал вазирликнинг бевосита масъул ходимлари иштирокида учрашув ўтказилган.
Хусусан, вазирликнинг тегишли масъул ходимлари – Ижро назорати ва мурожаатлар бўлими, Юридик бўлим, Кадрлар бўлими, Касаба уюшмаси раиси, Коррупцияга қарши курашиш бўлими ҳамда Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши мутахассислари иштирокида қабуллар ташкил этилган.
Маълум бўлишича, 2019 йилда Ш.Исроилова “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ омборхона мудири лавозимидан озод қилинган бўлиб, бунга мазкур омборхонадан аниқланган 7 турдаги асосий воситаларнинг талон-торож қилинганлиги сабаб бўлган. Ушбу ҳолатдан кейин Ш.Исроилова ноқонуний ишдан бўшатилгани юзасидан Энергетика вазирлигига мурожаат этган.
Фуқаро Ш.Исроилованинг ишга тиклаш билан боғлиқ мурожаатига асосан, “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг 2023 йил 27 январдаги буйруғи билан Хўжалик бўлими қоровули лавозимига ишга қабул қилинган. Бу ҳақда корхонанинг 2023 йил 3 февралдаги 319-19-2-сонли хабарномаси юборилган. Бироқ шунга қарамай, фуқаро ишга чиқмаган.
Корхонанинг кўп маротаба Ш.Исроилованинг ишга чиқиши юзасидан огоҳлантиришларига қарамай, мунтазам равишда ишга чиқишдан бош тортганлиги сабабли, 2023 йил 4 апрелдаги жамият Касаба уюшма қўмитасининг розилик хати асосида, Меҳнат кодексининг 161-моддаси 2-қисми 5-бандига кўра, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Шу муносабат билан Ш.Исроилованинг ишга тиклаш масаласи билан боғлиқ мурожаати юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга такроран мурожаат этишларини сўраймиз.
Видеомурожаатда айтилган вазирлик биноси олдида турган “иномарка” машиналар хорижий компанияларга тегишли автомобиллар бўлиб, улар ўша куни вазирлик масъуллари билан бўлган учрашувда иштирок этиш учун келган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Энергетика вазирлигида бундай русумдаги хизмат автомобиллари мавжуд эмас.
Шунингдек, мурожаатда вазирлик матбуот котиби мурожаатчиларга “Энергетика вазирини 15 кундан бери кўрганимиз йўқ”, дегани айтилган. Аввало, матбуот котиби ўша куни улар билан учрашмаган, бу гапни уларга айтмаган. Қолаверса, вазирлик Ахборот хизмати ҳамда вазир ўртасида мулоқот изчил йўлга қўйилган бўлиб, ҳар қандай масала масофа ҳамда вақт зонасига қарамай ҳал қилинади.
Ва айтиш жоизки, энергетика корхоналари доимий равишда ишлаши, бир сония ҳам тўхтаб туриши мумкин эмаслиги боис, вазирлик ҳамда корхоналар раҳбарлари, шунингдек, масъул мутахассислар ҳудудлардаги объектларда тез-тез хизмат сафарида бўлишларига тўғри келади. Шу маънода, Энергетика вазири иш фаолиятининг асосий қисмини кабинетда эмас, балки энергетика корхоналарида, тегишли соҳа объектларида назорат ва ўрганиш ишлари билан ўтказишини ҳам инкор этмаймиз.
Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати “Aspekt 24” мухбири Отабек Холиқов билан боғланиб, мурожаат бўйича очиқ қолган саволларга жавоб излади. О.Холиқов мурожаат масаласи билан борилганида, айрим тушунмовчиликлар бўлганини тан олди. Мақсад адолатнинг қарор топиши бўлиб, бунинг учун Энергетика вазирининг қабулида бўлишга эҳтиёж борлигини айтди.
Энергетика вазирлиги келгусида мурожаатчи билан келишган ҳолда, вазир билан учрашув ташкил этилишини маълум қилади.
Ўрни келганда айтмоқчимизки, Энергетика вазирлигининг эшиги барча фуқаролар учун ҳамиша очиқ. Қолаверса, Сиз соҳага оид ҳар қандай масала юзасидан қуйидаги телефон рақамлари орқали вазирликка қўнғироқ қилишингиз мумкин:
Умумий масалалар бўйича: +998712318118
Коррупцион ҳолатлар бўйича: +998712311064
Телеграм-бот: @anticorenergetikauz_bot,
Электрон почта: info@minenergy.uz, aniticor@minenergy.uz.
Маълумот ўрнида: Фарғона вилояти, Фарғона тумани, “Дамкўл” МФЙ, Кўксув кўчаси, 70-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Исроилова Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига келган вақтларда вазирлик масъул ходимлари томонидан мунтазам қабул қилинган.
Хусусан, сўнгги маротаба 2023 йилнинг 19 апрель куни келганида, Энергетика вазири ҳукумат топшириғига мувофиқ хизмат сафарида бўлгани сабабли вазирлик Коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул ходим А.Зайнутдинов, юрисконсультлар Ф.Файзиев, Ф.Шарипов, кадрлар бошқармаси бош мутахассиси Х.Қўйжонов, касаба уюшма раиси Д.Исанбеков, Умумий ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Р.Раҳимов ҳамда Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ташкилий ишлар бўлими мудири И.Исоқов иштирокида қабул ташкил этилган.
Шунингдек, фуқаро Ш.Исроилова келган вақтларда вазирлик раҳбарияти хизмат сафарида бўлганлиги сабабли, Коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи А.Зайнутдинов, ҳуқуқшунослар Ф.Файзиев, Ф.Шарипов ҳамда юқорида номлари келтирилган масъул ходимлар томонидан бир неча бор қабуллар ташкил қилинган.
Суҳбатлар якунида фуқаро томонидан тақдим этилган ариза ва бошқа ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиши маълум қилинган.
Фуқарога мурожаати юзасидан берилган жавоб хатидан қониқмаган тақдирда, тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканлиги билдирилган.
Фуқаро 2024 йилнинг ўтган даврида вазирликка мурожаат билан келмаган.
Энергетика вазирлиги
Ахборот хизмати.