Инспекция ISO 37001:2016 халқаро стандарти бўйича сертификатга эга бўлди
2025-07-18 18:25:00 / Янгиликлар

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясида коррупцияга қарши курашиш йўналишида тизимли ва самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Инспекция томонидан жорий этилган коррупцияга қарши курашиш механизмларининг самарадорлиги ISO 37001:2016 – Коррупцияга қарши бошқарув тизими (Anti-bribery Management System) халқаро стандарти талабларига жавоб берувчи мувофиқлик сертификати билан тасдиқланди.
Ушбу стандарт асосида коррупциявий ҳолатларни барвақт аниқлаш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, ҳамда ходимларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган комплекс профилактик чоралар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш, хавф-хатарларни баҳолаш, юқори коррупциоген хатарларни камайтириш бўйича ишлар йўлга қўйилган.
Сертификат, шунингдек, Инспекциянинг халқаро ҳамкорлар олдида ишончли ва шаффоф ташкилот сифатидаги нуфузини оширади. Бу – халқаро талабларга мос фаолият юритиш, халқаро шартномалар (жумладан, грантлар) ижросида очиқлик ва ҳалолликни таъминлашга хизмат қилади.
Инспекция жамоаси коррупцияга қарши ахлоқий меъёрларга амал қилган ҳолда ўз вазифаларини виждонан бажариш, қонунларга қатъий риоя этиш ва ҳалоллик маданиятини мустаҳкамлашга интилади.








