Коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлили
2025-07-03 14:45:00 / Матбуот анжуманлари

Унда инспекцияда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш, соҳада превентив чораларни кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар, Хусусан, Инспекциянинг 2025-йил учун “Коррупцияга қарши курашиш дастури” тасдиқланиб соҳада коррупцияни олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.
Жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш сиёсати”, “Одоб-ахлоқ қоидалари”, “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш Низоми”, “Ишга номзодларни текшириш бўйича Йўриқнома”, “Совғаларни олиш ва бериш сиёсати” каби 15 дан ортиқ ички идоравий ҳужжат қабул қилиниб, амалиётга жорий этилаётгани;
“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш мақсадида 102 нафар ходим томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларациялар тўлдирилиб, 13 нафар ходимда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви аниқлангани ҳамда мазкур ҳолатлар қонуний тарзда бартараф этилгани қайд этилди.
“Инспекцияда коррупция ҳақида хабар беришга оид 4 та алоқа канали ташкил этилиб, расмий веб сайтга жойлаштирилди, коррупция фактларига оид мурожаатлар бўйича маълумотлар инспекция сайтига жойлаштирилмоқда.
Шу билан бирга 58 нафар ходим коррупцияга қарши курашиш тизимини яратишга қаратилган ISO 37001:2016 халқаро стандарти бўйича ўқитилди. Ҳамда Инспекция кончилик ва геология соҳасида давлат назорати ва лицензиялаш бўйича ушбу халқаро стандарт сертификатини олди” - деди спикер.
Шунингдек, “Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида коррупциявий омилларни аниқлаш ва бартараф қилиш ҳамда “коррупциядан ҳоли” муҳитни яратиш бўйича” Йўл харитасига мувофиқ инспекциянинг Шарқий (Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари) ва Марказий (Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари) ҳудудий бошқармаларида ички хизмат текширувлари ўтказилди.
Текширувлар давомида баъзи давлат инспекторлари томонидан иш фаолиятлари ва текширувлар ўтказиш жараёнларида амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилмаслик, хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажармаслик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда хўжалик юритувчи субъектлар билан ноқонуний келишиш каби бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Хусусан, 37 та хўжалик юритувчи субъектда ўтказилган давлат назорат тадбирлари жараёнида кон ичида ва кон ташқарисида қазиб олинган турли фойдали қазилмалар ҳажмларини яшириш, тўлиқ кўрсатмаслик ёки атайлаб кам кўрсатиш, ноқонуний равишда ер ости бойликлари қазиб олинаётган ҳудудларда қонунбузарларга нисбатан чора кўрмаслик, аксинча ушбу фуқаролар билан ноқонуний тил бириктириш эвазига жиноятни яшириш ҳолатлари аниқланди.
Ички хизмат текширувлари натижасига кўра, 15 нафар ходимга нисбатан турли хилдаги интизомий жазо чоралари қўлланилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилди.
Брифинг ОАВ томонидан ёритилди.
