Тоғ-кон саноати ва геологияда рақамли инқилоб: 30 миллиард доллар инвестиция ва сунъий интеллект технологиялари жорий этилади
2026-06-10 08:45:00 / Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 9 июн куни тоғ-кон саноати ва геология соҳасида рақамли ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этишга қаратилган стратегик лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Йиғилишда соҳани технологик трансформация қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва бошқарув тизимига замонавий рақамли ечимларни татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу тармоқ мамлакат иқтисодиётининг таянчи ҳисобланади. Хусусан, 2025 йилда жами саноат маҳсулотининг 20 фоизи айнан кон-геология корхоналари ҳиссасига тўғри келган бўлиб, улардан давлат бюджетига 118,5 триллион сўм тушум таъминланди. Рақамлаштириш тадбирлари натижасида ўтган йилнинг ўзида йирик саноат мажмуаларида 7,3 триллион сўм операцион харажатлар тежалди ва маҳсулот таннархи 9,1 фоизга камайтирилди. Шунингдек, "Геомониторинг" ахборот тизими орқали 2 мингдан зиёд қазилма участкалари тўлиқ рақамли шаклга ўтказилди.
Янги беш йиллик режаларга кўра, мамлакатда олтин захираларини қўшимча 879 тоннага, кумушни 510 тоннага, мис ҳажмини эса 676 минг тоннага ошириш бўйича амалий ишлар бошланган. Мазкур кўрсаткичларга эришишда сун’ий интеллект технологиялари асосий драйвер вазифасини бажаради. Тизим геологик маълумотларни тезкор таҳлил қилиш, янги конларни прогнозлаш, захираларни аниқ ҳисоблаш ва бурғилаш самарадорлигини ошириш имконини беради.
Президент топшириғига биноан, соҳадаги барча хариталар, қидирув натижалари ва лаборатория таҳлиллари ягона электрон базага жамланади. Геологик маълумотлар миллий базасини яратиш доирасида махсус "Технологик трансформация маркази" ташкил этилади. Марказ 36 мингдан ортиқ тарихий ва бирламчи ҳисоботларни рақамлаштиради. Бу чора-тадбирлар маҳсулот таннархини яна 10 фоизга камайтириш, янги конларни очиш муддатини 2 баробар қисқартириш ҳамда инвесторларга тақдим этиладиган таклифлар сонини 4 баробар кўпайтириш имконини беради.
Соҳага 2030 йилгача 30 миллиард доллардан зиёд инвестиция жалб этиш мўлжалланган. Бунинг учун 2026–2030 йилларда кон-геология тармоғида ҳамда 6 та йирик давлат корхонасида — "Навоий кон-металлургия комбинати", "Олмалиқ кон-металлургия комбинат", "Навоийуран", "Ўзметкомбинат", "Ўзбеккўмир" ва "Ўзбекистон технологик металлар комбинати" акциядорлик жамиятларида сун’ий интеллектни жорий этиш бўйича 44 та йирик лойиҳа амалга оширилади. Лойиҳалар ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, корпоратив бошқарув, меҳнат хавфсизлиги ва рақамли трансформация каби бешта устувор йўналишни қамраб олади. Натижада операцион самарадорлик 7 фоизга, ускуналар ишончлилиги 20 фоизга, энергия тежамкорлиги 8 фоизга ошади, инсон омили билан боғлиқ хатолар эса 15 фоизга камаяди.
Тоғ-кон ва геология тармоғида рақамли назорат тизимларининг кучайтирилиши ва сунъий интеллектнинг татбиқ этилиши давлат ресурсларидан фойдаланишда шаффофликни янги босқичга олиб чиқади. Бу жараён ер қаъридан қонуний ва оқилона фойдаланиш устидан давлат назоратини тўлиқ автоматлаштириш, иқтисодий йўқотишларнинг олдини олиш ҳамда коррупциявий хавфларни минималлаштиришга хизмат қилади.
Рақамлаштириш орқали шакллантириладиган ишончли маълумотлар базаси халқаро инвесторлар учун кафолатли ҳуқуқий ва иқтисодий муҳит яратади. Минерал-хомашё базасининг аниқ ҳисоб-китоби ва қонунийликнинг таъминланиши стратегик тармоқнинг узоқ муддатли барқарор ривожланишини ҳамда мамлакат иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлайди.



