Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясида коррупцияга қарши курашиш бўйича муҳим қадам ташланди
2026-06-08 16:25:00 / Янгиликлар

Семинарда коррупцияга қарши курашиш бўйича бош мутахассис Жамшид Зикиров "Совғалар бериш ва олиш, бизнес тадбирларни ташкил этиш ва иштирок этиш, вакиллик харажатларини амалга ошириш сиёсати" мавзусида маъруза қилди. Таъкидландики, мазкур ички ҳужжат инспекцияда 2025 йил 30 декабрдаги 147-сонли буйруқ билан тасдиқланган бўлиб, ходимларнинг хизмат мажбуриятларини бажариш даврида манфаатлар тўқнашувига йўл қўймасликнинг аниқ механизмларини белгилайди.
Учрашувда хизмат фаолиятида совғалар билан муомала қилиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги ЎРҚ-788-сон Қонуни талабларига мос равишда тартибга солингани тушунтирилди. Хусусан, қонуннинг 13, 15 ва 18-моддаларига мувофиқ, давлат хизматчиларига ўз вазифаларини жисмоний ва юридик шахслар манфаатини кўзлаб бажариш эвазига ҳар қандай турдаги мукофот ёки ҳадялар олиши қатъиян тақиқланади. Фақат хизмат сафарлари ҳамда расмий халқаро тадбирларда олинган рамзий совғалар бундан мустасно бўлиб, уларнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан ошмаслиги шарт.
Янги тартибга кўра, қиймати БҲМнинг 4 бараваридан юқори бўлган барча расмий совғалар 3 иш куни ичида топширилиши ва инспекция балансига кирим қилиниши лозим. Шунингдек, ходимлар ўртасидаги ўзаро совғалар миқдори БҲМнинг 1 бараваридан ошмаслиги ҳамда камида 3 нафар гувоҳ иштирокида тақдим этилиши белгиланди. Жисмоний ва юридик шахслардан эса ҳар қандай байрам баҳонаси билан ҳадялар олиш тўлиқ тақиқланган. Нақд пул, қимматбаҳо буюмлар ёки харид сертификатлари кўринишидаги бизнес совғалари коррупциявий жиноят сифатида баҳоланади.
Ўқув машғулоти якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ва ҳар бир ходим ушбу сиёсат билан шахсан имзо қўйган ҳолда танишиб чиқиши мажбурий экани эслатилди.
Ўтказилган ушбу семинар давлат идораларида ички назорат ва комплаенс тизимининг самарали ишлаётганини кўрсатади. Коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, энг аввало, бошқарув қарорларининг холислиги ҳамда шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Бундай профилактик тадбирларнинг доимий ўтказилиши тизимда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш билан бирга, давлат ресурсларининг мақсадли сарфланишини кафолатлайди ҳамда тоғ-кон соҳасида қонунийликни таъминлашнинг иқтисодий барқарорлигини оширади.








